Жаҳон | 14:30 / 04.02.2025
3753
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни вақтинча тўхтатган

Доналд Трамп маъмурияти Украинага ҳарбий ёрдам етказиб беришни бир неча кунга тўхтатиб қўйди ва кейин қайта тиклади, деб хабар бермоқда Reuters. Оқ уй маълумотга изоҳ беришдан бош тортди.

Фото: Sergei Supinsky/AFP/Getty Images

АҚШнинг янги маъмурияти бир неча кунга Украинага ҳарбий ёрдам етказиб беришни тўхтатиб қўйди ва кейин қайта тиклади. Бу ҳақда Reuters агентлигига тўрт хабардор манба маълум қилди, дея хабар беради агентлик 3 феврал, душанба куни.

Бир неча кун давомида етказиб бериш тўхтатилди

Етказиб бериш қачон тўхтатилгани ҳақида аниқ маълумот бермаган Reuters бу Доналд Трамп маъмурияти ичидаги келишмовчиликлар туфайли содир бўлганини ёзади. У 20 январ куни лавозимга киришган. Агентлик маълумотларига кўра, етказиб бериш «сўнгги кунларда» тўхтатилган ва «дам олиш кунлари», яъни 1-2 феврал кунлари қайта тикланган.

Оқ уй аввалига Украинага барча ёрдамни тўхтатмоқчи бўлган, бироқ кейин унинг позицияси ўзгарган, дея таъкидлайди Reuters. «Маъмурият ичида Қўшма Штатлар Киевга ўз захирасидаги қурол-яроғлар билан қай даражада ёрдам беришни давом эттириши кераклиги борасида келиша олмаётган гуруҳлар бор», деб ёзади агентлик ва «бу қисқа пауза Трамп маъмурияти ичидаги мунозаралар шиддатининг биринчи аниқ белгисидир», дея хулоса қилди.

Оқ уй маълумотга изоҳ беришдан бош тортди.

Байден томонидан тасдиқланган таъминот бир неча ой давом этади

Reuters эслатишича, Жо Байден президентлигининг сўнгги кунларида Америка захираларидан Украинага умумий қиймати 1,25 миллиард долларлик қурол-яроғ етказиб беришни маъқуллаган эди. Ноябр ойи бошида бўлиб ўтган сайловлардан сўнг Украина Қуролли кучларига АҚШдан қурол етказиб бериш кескин ошди. Агентликнинг таъкидлашича, Байден томонидан рухсат этилган етказиб бериш кечикишлар туфайли яна бир неча ой давом этиши мумкин.

Январ ойи охирида АҚШ ҳукумати Исроил ва Мисрдан ташқари АҚШнинг барча ташқи ёрдам дастурларини 90 кунга тўхтатди. Хусусан, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Украинага ёрдам кўрсатиш тўхтатилди. 25 январ куни Володимир Зеленский бу чоралар Киевга ҳарбий ёрдамга тааллуқли эмаслигини таъкидлади.

Мавзуга оид