Ўзбекистон | 13:12 / 03.03.2025
14522
3 дақиқада ўқилади

Ҳафта ўртасидан ҳарорат кўтарила бошлайди

Сешанбадан совуқ антициклон Ўзбекистон ҳудудидан аста-секин чекина бошлайди ва ёғингарчилик тўхтайди. Ҳафта ўртасидан ҳаво ҳарорати кўтарилиб, жума кунигача кундузи +14…+17 даражага етади.

Фото: Kun.uz

Якшанба куни Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан совуқ ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши бошланди ва у душанба куни ҳам давом этади, дея хабар бермоқда «Ўзгидромет» агентлиги.

3 март куни ҳудуднинг катта қисмида қор ёғиши давом этади ва ҳаво ҳарорати 0…–5 даража атрофида бўлади. Куннинг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида қор ёғиши тўхтайди.

Сешанба куни Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат республиканинг айрим тоғли ҳудудларида бироз қор ёғиши мумкин. Кечаси ва эрталаб совуқ антициклон таъсири сақланиб туради. Ҳарорат –2…–7 даража атрофида бўлади.

Кундузи антициклон республика ҳудудидан аста-секин чекина бошлайди. Ҳарорат +4…+7 даражагача кўтарилади, аммо бу март ойи боши учун меъёрдан нисбатан пастдир, дейилади хабарда.

Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин. 5–6 март кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Жума куни республика бўйича баъзи жойларда (Фарғона водийсидан ташқари) яна ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда. Фақат Ўзбекистоннинг шимолида – Устюртда ва Орол бўйи ҳудудларида ёмғир қорга айланиши мумкин.

Ҳафта ўртасидан ҳарорат жадал кўтарила бошлайди ва 6–7 март кунларига бориб, кечалари +5…+8 даражани, кундуз кунлари +14…+17 даражани, жанубда +20…+22 даражани ташкил этади.

3 март ва 7 март кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17–22 метр/сониягача кучаяди, айрим жойларда баъзида 23–25 метр/сониягача кучайиши мумкин.

Тошкент шаҳрида 3 март куни вақти-вақти билан қор ёғади. Ҳарорат 0…–2 даража бўлади. 4–6 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 7 мартда кечга томон ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат 4 март куни кечаси –3…–5 даража, кундузи +5…+7 даража бўлади. 5–7 март кунлари ҳарорат кечалари +4…+7 даражагача, кундуз кунлари +14…+17 даражагача кўтарилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид