Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Neuralink бутун дунё бўйлаб янги беморлар қидиришни бошлади
Илгари тажрибада фақат АҚШ, Буюк Британия ёки Канада фуқаролари иштирок эта оларди. Энди белгиланган талабларга жавоб берадиган исталган одам ариза қолдириши мумкин.
Миллиардер Илон Маскнинг Neuralink стартапи навбатдаги операциялар учун янги беморларни қидиришга киришди. Энди бу борада минтақавий чегаралар йўқ — дунёнинг исталган нуқтасидаги вояга етган шахс навбатдаги иштирокчига айланиши мумкин. Олдин аризалар фақат АҚШ, Канада ва Буюк Британия аҳолисидан қабул қилинарди.
Neuralink’нинг дастлабки беморлари фалаж ёки ён амиотрофик склерози бўлган одамлар эди, эндиликда янги касаллиги бор кўнгиллилар қидирилмоқда. Компания тетраплегияга (тананинг асосий қисми фалажланган) чалинган инсонларни қидираётганини маълум қилди. Мажбурий шарт: беморнинг орқа мия жароҳати сабаб иккала қўли ҳам ишламаслиги керак.
Аризаларни 2025 йил 2 апрелдан бошлаб лабораториянинг расмий сайти орқали юбориш мумкин.
Тажриба доирасида чип бош чаноғига жойлаштирилади. Махсус манипулятор робот ёрдамида 64 та ингичка тола киритилади, уларда жами 1024 та электрод мавжуд. Манипулятор робот миянинг ҳаракатга жавоб берадиган соҳаларини бирлаштиради. Ҳар бир толанинг қалинлиги 4 микрометрдан, узунлиги эса 20 миллиметрдан ошмайди. Чипнинг ўзини катталиги эса тангадек келади.
«Тадқиқот ҳаракатлар учун жавобгар бўлган мия қисмига кичик, ташқи томондан кўзга ташланмайдиган имплант жойлаштиришни ўз ичига олади. Ушбу қурилма инсоннинг нейрон фаоллигини таҳлил қилиб, унга фақат ҳаракат ҳақида ўйлаш орқали компютер ёки смартфонни бошқариш имкониятини беради. Бунда ҳеч қандай симлар ёки жисмоний ҳаракат талаб этилмайди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил январ ойида дунёдаги биринчи одамга Neuralink мия импланти ўрнатилганди. 29 ёшли Ноланд Арбо умуртқа поғонаси шикастланган бахтсиз ҳодиса оқибатида бутунлай фалаж бўлиб қолган. Арбо миясига Neuralink чипининг ўрнатилиши натижасида фикр кучи ёрдамида компютерни бошқара олган.
Мавзуга оид
19:27 / 08.10.2025
Миясига Neuralink чипи ўрнатилган бемор «фикр кучи» билан робот-қўлни бошқарди
23:15 / 10.09.2025
Neuralink миясига чип ўрнатилган 12 нафар бемор ҳақида хабар берди
20:24 / 30.06.2025
Optimus роботларини фикр кучи билан бошқариш имконияти пайдо бўлади
12:28 / 22.06.2025