Ўзбекистон | 11:48 / 16.07.2025
1390
3 дақиқада ўқилади

Креатив иқтисодиёт бўйича республика кенгаши тузилади

"Крeатив иқтисодиёт соҳасидаги айрим ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

  • креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши тўғрисидаги низом;
  • крeатив индустрия парки рeзидeнтлигига қабул қилиш ва рeзидeнтларга имтиёзларни қўллаш тартибини тасдиқлаш тўғрисида низом тасдиқланади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан биргаликда Креатив паркни жойлаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Креатив парк дирекциясига истисно тариқасида, ўзига юкланган вазифаларни бажариш доирасида тендер (танлов) савдолари ўтказмасдан мустақил маслаҳатчилар, хўжалик аудиторлари ва ихтисослаштирилган мутахассисларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этишга рухсат берилади.

Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши тўғрисидаги низомга кўра, кенгаш креатив индустрия соҳаларини ривожлантириш бўйича жамоатчилик асосида фаолият олиб борадиган маслаҳат органидир.

Кенгашнинг таркиби креатив индустрия соҳалари бўйича тегишли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, креатив индустрия соҳаларидаги етакчи тадбиркорлар ҳамда халқаро ва маҳаллий экспертлардан иборат бўлиб, Ўзбекистон президенти томонидан тасдиқланади.

Кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • креатив иқтисодиётни ривожлантириш ва креатив индустрия соҳаларини қўллаб-қувватлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • креатив индустрия соҳаларидаги иқтисодий фаолият турларини белгилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • креатив индустриянинг истиқболли йўналишлари ва ўсиш нуқталарини аниқлаш;
  • креатив индустрия парки фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эшитиш.

Кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

  • креатив иқтисодиёт тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларидан креатив иқтисодиётга оид зарур материаллар ва маълумотларни белгиланган тартибда сўраб олиш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларни креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонунчиликка зид келган ҳолларда аниқланган номувофиқликларни бартараф этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;
  • мажлисларида вазифалари доирасига кирувчи масалалар юзасидан республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини эшитиш;
  • республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан креатив иқтисодиёт бўйича муаммо ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланган тақдирда уларни бартараф этиш чораларини кўриш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид