Ўзбекистон | 07:32 / 19.07.2025
1436
2 дақиқада ўқилади

Сабзавот ва мойли экинларни ишлаб чиқариш ҳамда экспорт қилиш кўпаяди

Вазирлар Маҳкамасининг "Республикада пиёз ва сабзи маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, чуқур қайта ишлаш ва уларнинг экспорт ҳажмларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда "Республикада мойли экинлар етиштиришни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорлари қабул қилинди.

Ҳужжатлар билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • 2025-2027 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг барча тоифадаги хўжаликларида пиёз ва сабзи маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришнинг мақсадли кўрсаткичлари;
  • мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирувчи субъектлар томонидан маҳсулотларни сақлаш учун совиткичли омборхона, саралаш, қуритиш, қадоқлаш ва қайта ишлаш инфратузилмаларини ташкил этиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар;
  • республика ҳудудида мойли экинлар етиштиришга ихтисослашган туманларни ташкил этиш.

Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманларда Зомин тажрибасига асосланиб, камида 100 гектар майдонга юқори ҳосилли пиёз ва сабзи навларини экиш, ресурсларни тежайдиган технологияларни қўллаш, шу жумладан ёмғирлатиб ва томчилатиб суғориш, ҳамда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш орқали юқори ҳосил олиш таъминланади.

Ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига қараб, алмашлаб экиш тизимида қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган суғориладиган майдонларнинг 5 фоизигача мойли экинлар экишга рухсат этилади, бунда бир далада мойли экинларни 2 йилдан ортиқ экиш тақиқланади.

Ёғ-мой корхоналари ва товар ишлаб чиқарувчилар ўртасида мойли экинларни харид қилиш бўйича шартномалар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг "Агроплатформа" ахборот тизими орқали тузилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид