Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Литва бош вазири коррупция можароси туфайли истеъфога чиқди
Бу унинг қариндошининг компанияси 200 минг евро миқдорида имтиёзли кредит олиши ортидан рўй берди.
Литва бош вазири Гинтаутас Палуцкас истеъфога чиқди, дея маълум қилди мамлакат президенти Гитанас Науседа.
Науседанинг сўзларига кўра, бош вазир унга эрталаб телефон орқали мулоқотда истеъфога чиқишини айтган. Палуцкас Литва Социал-демократик партияси раиси лавозимини ҳам тарк этди. Науседанинг тушунтиришича, энди сайловларда ғалаба қозонган ва парламентда кўпчиликка эга бўлган партия коалиция тузиш бўйича музокараларни бошлайди.
Литва миллий телевидениеси ва радиоси (LRT) эслатишича, конституцияга кўра, бош вазир билан бирга бутун ҳукумат ҳам истеъфога чиқади, бироқ президент янги вазирлар маҳкамаси тузилгунга қадар вазирларга ўз вазифаларини вақтинча бажаришни топшириши мумкин.
Палуцкасга саволлар унинг қариндоши Виржиния Палуcкене томонидан асос солинган Dankora компанияси бўйича терговдан сўнг пайдо бўлганди. Dankora Друкяй қишлоғида электромобиллар учун зарядлаш инфратузилмасини ривожлантириш дастури бўйича 200 минг евро имтиёзли кредит олган ва 49 фоиз улуши Палуцкасга тегишли бўлган Garnis фирмасидан ускуналар харид қилганди. Бу Палуцкас бош вазир лавозимини эгаллаб турган пайтда содир бўлди. Dankora компанияси таъкидлашича, улар Garnis акциядорлари ҳақида хабардор бўлмаган.
24 июлда Науседа Палуцкасга ҳукумат бошлиғи лавозимидаги фаолиятини давом эттириш ҳақида ўйлаб кўриш учун икки ҳафта муҳлат берди. Шундан сўнг бош вазир президентдан ҳам, партиядаги ҳамкасбларидан ҳам истеъфога чиқишга чақириқ олмаганини айтганди. У «олдиндан режалаштирилган» икки ҳафталик таътилга чиқаётганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
20:43 / 08.06.2026
Судьялар учун даромад ва мол-мулк декларациясини тақдим этиш тизими ишга туширилади
09:10 / 07.06.2026
АЭС нархи очиқланди, йирик пудрат схемаси фош бўлди — ҳафта дайжести
10:32 / 03.06.2026
Шўртан ГКМни кенгайтириш доирасидаги 643 млрд сўмлик талон-торож фош этилди
16:01 / 02.06.2026