Жаҳон | 11:22 / 08.08.2025
2960
2 дақиқада ўқилади

Трамп: Пашинян ва Алиев 8 август куни тинчлик битимини имзолайди

АҚШ президенти Озарбойжон раҳбари ва Арманистон бош вазирини 8 август куни Оқ уйда «тарихий тинчлик саммити» доирасида қабул қилишини тасдиқлади.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп Озарбойжон раҳбари Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинянни 8 август куни икки давлат ўртасидаги узоқ йиллик можарога барҳам беришга қаратилган «тарихий тинчлик саммити» доирасида қабул қилишини тасдиқлади. Америка етакчиси тегишли хабарни 7 август, пайшанба куни Truth Social ижтимоий тармоғида жойлаштирди.

Пашинян ва Алиев «тинчлик келишувини расмий имзолаш маросимида Оқ уйда мен билан бирга бўлади», деб ёзган Трамп.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон, шунингдек, Жанубий Кавказ салоҳиятини очишга ёрдам берадиган «иқтисодий имкониятларни бўлишиш бўйича икки давлат билан» икки томонлама келишувларни ҳам имзолайди.

«Кўплаб етакчилар урушни тугатишга уриниб кўрди, аммо ҳозиргача муваффақиятсизликка учради – «ТРАМП туфайли (ўзгариш бор)», — деб ёзди у.

«Менинг маъмуриятим анча вақтдан бери ҳар икки томон билан музокаралар олиб бормоқда», — дея қўшимча қилди АҚШ президенти ва у «тўғри иш қилгани учун бу жасур раҳбарлар билан жуда фахрланишини» таъкидлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид