Ўзбекистон | 12:28 / 12.08.2025
12644
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида янги аэропорт учун жой қидирилмоқда

1200 гектарлик аэропорт учун Ўрта Чирчиқ тумани ҳудуди танланиши мумкин, дея маълум қилди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев. Kun.uz манбасига кўра, бундан олдин Янгийўл ва Оҳангарон туманлари ҳудудлари ҳам вариант сифатида кўриб чиқилган.

Фото: Uzbekistan Airports

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 11 август кунги “ҳокимлик соати”да янги темирйўл ва аэропорт қурилиши ҳақида гапириб ўтди.

“Бекобод шаҳар, Бекобод туман, Бўка, Пискент, Нурафшон орқали Тошкент шаҳрига темирйўл лойиҳаси киритилиб, лойиҳалаштириб, янаги йил бошла деган топшириқ кетаётган бўлса, Ўрта Чирчиқ туманига 1200 гектар аэропорт келиб жойлашса, яна нима қилиб берилиши керак давлат томонидан, айтинглар-чи?”деди Мирзаев.

Тошкент шаҳри учун янги аэропорт қурилиши ҳақида 1 август куни транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилган эди.

“Танланган ер майдони Тошкент шаҳридаги мавжуд аэропортдан 17 км узоқликда, Тошкент шаҳрига нисбатан жанубда. Тошкентни Самарқанд билан боғлайдиган мавжуд автомобил йўлига узоқ бўлмаган жойда қурилиши режалаштирилган”,деганди вазир.

Илҳом Маҳкамовнинг бу гапларидан янги аэропорт Янгийўл тумани ҳудудида бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлганди.

Kun.uz'нинг Тошкент вилояти ҳокимлигидаги манбасига кўра, аэропорт қаерда жойлашиши борасида ҳали якуний қарорга келинмаган.

Хусусан, аввалига Янгийўл, кейин Оҳангарон вариантлари кун тартибида бўлган, шундан сўнг ҳозирда Ўрта Чирчиқ варианти ҳам кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентга авиайўловчилар оқими 2030 йилга бориб 15 миллионга етиши, лекин бунга ҳозирги аэропортнинг қуввати етмаслиги айтилмоқда. Аэропорт шаҳар ичида жойлашгани сабаб уни кенгайтиришнинг иложи йўқ.

Айни пайтда Тошкент шаҳри билан Янги Тошкент оралиғида “Тошкент-Шарқий” аэропорти ҳам қуриляпти. Июн ойида давлат раҳбари қурилиш ишларини бориб кўрган, ўшанда Uzbekistan Airways раиси Шуҳрат Худойқулов янги аэропорт тез орада очилишини айтганди. Шундан кейин барча чартер рейслар шу аэропортга кўчирилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, 1990-йилларда пойтахт учун янги аэропортни Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳудудида қуриш режалари ҳам бўлган.

Мавзуга оид