Жаҳон | 16:00 / 17.08.2025
18305
8 дақиқада ўқилади

Путиннинг талаблари ва таклифлари ҳақида ҳозиргача нималар маълум?

Аляскадаги учрашувдан буён икки кун ўтди. Ҳамон расмий маълумот йўқ, аммо ОАВ асосий нарсани аниқлаб бўлганга ўхшайди: Путин Донбассни топширишни, шунингдек, Қримни Россияники деб тан олишни ҳамда санкцияларнинг бир қисмини олиб ташлашни талаб қилмоқда. Москва бунинг эвазига Суми ва Харкив областларининг босиб олинган қисмларини қайтаришга тайёр.

Фото: Andrew Harnik / Getty Images

Владимир Путин Украинадан Донбассдан қўшинларни тўлиқ олиб чиқишни талаб қилмоқда. Bloomberg манбаларига кўра, бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп Путин билан музокаралардан сўнг Володимир Зеленский ва Европа етакчилари билан телефон орқали мулоқоти чоғида айтиб ўтган. Нашр мақоласидан маълум бўлишича, гап Донецк ва Луҳанск областлари ҳақида кетмоқда; Россия энди Запорижжя ва Херсон областларининг ўз назоратида бўлмаган қисмларини беришни талаб қилмаяпти.

Financial Times манбаларига кўра, музокаралар чоғида Путин Украинанинг Донбассдан воз кечиши унинг асосий талабларидан бири экани, агар бу талаб бажарилса, у фронт чизиғининг қолган қисмини музлатиб қўйишга рози бўлишини (бу Россия томонидан қисман ишғол этилган Херсон ва Запорижжя областларининг бир қисмини Россия назорати остида қолдиради) маълум қилган.

Шу билан бирга, FT манбаларига кўра, Путин можаронинг «асл сабаблари», жумладан, НАТОнинг шарққа кенгайиши масаласини бартараф этиш талабидан ҳам воз кечмаслигини маълум қилган.

Путин Трамп билан учрашувда санкцияларнинг бир қисмини бекор қилишни ҳамда Қримни Россия ҳудуди сифатида тан олишни талаб қилган. Reuters агентлиги Қримни айнан ким Россияники деб тан олиши кераклиги тушунарсизлигини қайд этган – фақат АҚШми ёки Ғарб давлатлари ва Украина ҳам.

Reuters суҳбатдошларига кўра, Путин Россияга қарши санкцияларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми бекор қилинишини ҳам истайди. Айнан қайси санкциялар ҳақида гап кетаётганига ойдинлик киритилмаган – Американики ёки Европаники.

Reuters ғарбдаги бошқа нашрлар ортидан Путин украин қўшинларини Донецк ва Луҳанск областларида олиб чиқишни талаб қилаётгани, бунинг эвазига Россия Запорижжя ва Херсон областларидаги фронт чизиғини ҳозирги ҳолатида музлатишга рози бўлишини хабар қилган. Шу билан бирга, агентлик манбалари РФ президенти Украинага Суми области шимолида ҳамда Харкив областининг шимоли-шарқида рус қўшинлари томонидан эгаллаб олинган ҳудудларни қайтаришга рози эканини тасдиқлаган.

Украинадаги DeepState проектига кўра, Россия Суми ва Харкив областларида жами 440 километр квадрат атрофидаги ҳудудни ўз назоратида ушлаб турибди. Украина эса Донбасс ҳудудида назорат қилаётган ҳудудлар ҳажми 6600 километр квадратни ташкил этади.

Бундан ташқари, Путин Трамп билан саммитда Россия Украинада рус тилига расмий тил мақоми берилишини талаб қилишини айтган. Шунингдек, Украина ҳукумати мамлакатда Рус православ черковининг (Украина православ черкови Москва патриархати) эркин фаолият юритишига рухсат бериши керак бўлади.

Доналд Трамп музокаралардан сўнг Fox News телеканалига берган интервюсида «энди ҳамма нарса президент Зеленскийга боғлиқлиги»ни айтди. Америка президенти эҳтимолий келишув мазмунини оммага ошкор қилмади, бироқ, тахминларга кўра, гап Украина томонидан ҳудудий ён беришлар ҳақида кетмоқда – FT маълумотларига кўра, Зеленский ва Европа етакчилари билан ўтказилган қўнғироқлашувда Трамп Украина ўз ерлари ҳақида мустақил қарор қабул қилиши кераклигини таъкидлаган.

Яқинда Путиннинг Стивен Уиткофф билан учрашувидан кейин Зеленский «украинлар ўз ерларини босқинчига совға қилмаслиги»ни айтганди. Анкориждаги музокаралардан кейинги баёнотларида эса у бу мавзуга тўхталмади. Бироқ, Reuters манбасига кўра, Зеленский Трамп билан телефон орқали мулоқот чоғида фронт чизиғини музлатиш эвазига Донбассдан воз кечиш таклифини рад этган.

Трамп Зеленский ва Европа етакчилари билан қўнғироқлашув чоғида уларни Москвадан зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилишни бас қилишга чақирган, деб ёзмоқда FT. Ҳолбуки Путин билан учрашувгача Трамп агар Аляскадаги музокаралар ўт очишни тўхтатишга олиб келмайдиган бўлса, бундан қониқмаслиги, бу ҳолатда «жуда жиддий оқибатлар» бўлишини айтганди. Аммо саммитдан сўнг у «кўп ҳолларда бажарилмайдиган вақтинчалик сулҳлар» эмас, балки тинчлик шартномаси борасида келишув зарурлиги ҳақида гапирган Путиннинг позициясига қўшилишини билдирди.

CNN журналисти Клер Себастяннинг фикрича, Трампнинг риторикасидаги ўзгариш Путинга қўл келади, чунки у ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмасдан музокаралар жараёнини олиб боришга имкон беради. Бундай баҳолаш асосли эканини Россиянинг собиқ президенти Дмитрий Медведевнинг сўзлари ҳам билвосита тасдиқлайди – у саммитнинг «муҳим» натижаси сифатида «музокаралар аввалдан шартлар қўймасдан ва махсус ҳарбий амалиётни давом эттирган ҳолда ҳам ўтказилиши мумкинлиги»ни таъкидлаган.

АҚШ Ғарбнинг бошқа давлатлари билан биргаликда Украинага хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр, деди Европа етакчилари Трамп билан суҳбатдан сўнг. Италия бош вазири Жоржа Мелони айнан кафолатлар мавзусини Анкориждаги музокараларнинг «энг қизиқарли янгилиги» деб атади. Унинг сўзларига кўра, гап НАТОни ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг бешинчи моддасидан «илҳомланган» кафолатлар ҳақида кетмоқда.

Италия бош вазири Жоржиа Мелони Анкориждаги музокаралардаги «энг қизиқарли янгилик» сифатида айнан хавфсизлик кафолатлари масаласини атади. Унинг сўзларига кўра, бу кафолатлар НАТОни тузиш тўғрисидаги шартноманинг бешинчи моддасидан «илҳомланган».

«Бу таклифнинг бошланғич нуқтаси – коллектив хавфсизлик тўғрисидаги моддадаги шартларни шакллантириш бўлиб, у Украинага янги ҳужум юз берган тақдирда ўз ҳамкорлари, жумладан АҚШ томонидан ёрдам олиш имконини беради», – деди Мелони. Шахсини сир тутишни сўраган европалик мулозимлардан бири CNN билан суҳбатда айтишича, бу кафолатларда НАТО ташкилоти тўғридан тўғри иштирок этмайди.

Трамп Путин билан Ғарбнинг Украинага шундай кафолатлар бериш ниятини тўғридан тўғри муҳокама қилганми ёки йўқми – буни Мелонининг сўзларидан билиб бўлмайди, аммо Анкорижда ўтказилган матбуот анжуманида Путин «Трамп билан хавфсизлик масаласида тўлиқ келишгани, жумладан Украина хавфсизлиги ҳам таъминланиши шарт экани» ҳақида гапирди ва Россия бу масала бўйича «ишлашга тайёрлиги»ни маълум қилди. Agence France-Presse дипломатик манбага таяниб ёзишича, АҚШ томонидан таклиф қилинган «бешинчи моддага ўхшаш, аммо НАТОсиз» кафолатлар концепцияси «тахминан Путин билан келишилган». Шунга ўхшаш маълумотни «Украинская правда» нашрининг аноним манбаси ҳам тасдиқлаган.

Зеленский 18 август куни Вашингтонда Трамп билан учрашади. Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен Украина раҳбари билан бирга Америкага боришини тасдиқлади, уларга Европанинг бошқа етакчилари, жумладан, Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам қўшилиши кутилмоқда. Украина президенти бундай учрашув ўтказилишини қўллаб-қувватлашини айтди; Европалик аноним амалдорнинг сўзларига кўра, Трамп Анкориждаги саммитни Путин уч томонлама музокараларга рози эканга ишонган ҳолда тарк этган, деб ёзади CNN. Шу билан бирга, Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков Анкориждаги музокараларда бундай учрашув ўтказиш мавзуси кўтарилмаганини айтган.

Зеленский шанба куни куннинг иккинчи ярмида берган баёнотида, Россия яқин кунларда «украин позицияларига босим ва зарбаларни кучайтиришга уриниши»ни кутаётганини билдирди. Унинг фикрича, бу «музокаралар учун кўпроқ сиёсий фойда берадиган вазият яратиш»га қаратилган бўлади. Зеленский украин ҳарбийлари Донецк областининг «энг қийин участкаларидан бири – Добропиля ва Покровск йўналишида» икки кундан бери муваффақият қозонаётганини таъкидлаган. Август ўрталарида Россия армияси Покровскнинг шимоли-шарқидаги украин мудофаа чизиқларини ёриб ўтгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид