Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин Россияга «дўстона бўлмаган давлатлар» йўқлигини айтди
Шунингдек, АҚШ билан муносабатлар тикланишига умид билдирди.
Фото: ТАСС
Россия президенти Владимир Путин атом саноати корхоналари вакиллари ва олимлар билан учрашувда Россияга «дўстона бўлмаган давлатлар» йўқлигини айтди.
«Бизда дўстона бўлмаган мамлакатлар йўқ, баъзи давлатларда дўстона бўлмаган элиталар бор», деб аниқлик киритди у.
Путиннинг таъкидлашича, Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар ҳозир жуда паст даражада. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан сўнг, мулоқотни яхшилаш ва «туннел охирида ёруғликни кўриш» имкониятига умид пайдо бўлган. Путиннинг таъкидлашича, Россия Қўшма Штатлар билан алоқаларни тўлиқ тиклашга умид қилмоқда. Хусусан, Москва ва Вашингтон Арктика ва ҳатто Аляскада ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилмоқда.
Давлат раҳбари Арктикада табиий ресурсларнинг катта захиралари мавжудлигини, Россия эса бу минтақани аллақачон фаол ўзлаштираётганини эслатди.
«Европалик ҳам, осиёлик ҳам, дарвоқе, америкалик ҳамкорлар билан ҳам бу соҳада биргаликда ишлаш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз», деди у. Шу билан бирга, Путиннинг қўшимча қилишича, Россия эга бўлган технологиялар бугунги кунда гўёки «ҳеч кимда йўқ».
«Бу эса ҳамкорларимиз учун қизиқиш уйғотади. Жумладан, Қўшма Штатларда ҳам», деди у.
Ўтган ҳафта Reuters манбаларга таяниб, Америка расмийлари Аляскада газ ва суюлтирилган газ қазиб олиш лойиҳалари учун Россия атом музёрар кемаларидан фойдаланиш имкониятини муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берган эди.