Жаҳон | 00:06 / 20.09.2025
12407
2 дақиқада ўқилади

Биз Қуддуснинг бирорта тошини бермаймиз – Эрдўған

Туркия раҳбари мамлакат ҳеч қачон Қуддусдан воз кечмаслигини таъкидлади.

Фото: Anadolu Agency

Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Технофест-2025 технология фестивалида мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳарбий технологиялар соҳасидаги ютуқлари ҳақида гапириб, Қуддус шаҳри ҳақидаги фикрларини айтди.

«Баъзилар Ал-Қудс шаънига ҳақоратли сўзларни ишлатишга журъат этмоқда. Биз улар нимага интилаётганини жуда яхши биламиз. 65 минг бегуноҳ Ғазо аҳолисининг қони қўлида бўлганларга айтаман: Ал-Қудс мусулмонларнинг ҳам, бутун инсониятнинг ҳам ор-номуси, қадр-қиммати ва шон-шуҳратидир».

Президент Қуддусни ҳимоя қилиш тинчлик ва умуминсоний қадриятларни ҳимоя қилиш эканини таъкидлади: «Ал-Қудсга қилинган ҳар бир ҳужум ўз йўлида бу табаррук заминга ошиқ бўлган фидойи ҳимоячиларни учратади».

Эрдўған тарихий параллелни ҳам келтириб ўтди: «Биз Султон Абдулҳамиднинг авлодимиз ва унинг йўлидан борамиз. Аждодлар васиятини сақлаймиз ва ҳеч қачон Ал-Қудсдан воз кечмаймиз».

У Туркия босқинчиларнинг қаршилигига қарамай, барча дин вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давом этишига ишонтирди.

«Барча маккор режаларга қарамай, бизнинг курашимиз 1967 йилда пойтахти Шарқий Ал-Қудс бўлган чегараларда мустақил Фаластин давлати ташкил этилгунга қадар давом этади».

Президент, шунингдек, Туркия Қуддусда топилган ва Истанбул археология музейида сақланаётган милоддан аввалги VIII асрга оид қадимий ёдгорлик - Силван ўрамини бермаслигини таъкидлади. Эрдўғаннинг айтишича, Қуддусга тегишли бўлган на бир ўрам, на бир тош ҳеч кимга, жумладан, Исроилга ҳам берилмайди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид