Ўзбекистон | 11:46 / 22.09.2025
3047
2 дақиқада ўқилади

Бутунжаҳон тозалик кунида Ўзбекистон 55,7 тонна чиқиндидан тозаланди

Республиканинг барча ҳудудларида 20 сентябр — World Cleanup Day («Бутунжаҳон Тозалик Куни») муносабати билан «Ҳаёт учун жой ажратинг» шиори остида оммавий плоггинг эко-акцияси ўтказилди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда унинг ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан ўтказилган халқаро акция давомида ҳудудлар жами 55,7 тонна чиқиндидан тозаланди.

Маълумот учун, World Cleanup Day 2018 йилдан бери ўтказилади. Унда шу пайтга қадар 211 давлатдан 114 млн киши иштирок этган. Ҳар йили дунё бўйлаб кенг нишонланадиган ушбу эко-санада Ўзбекистонда ҳам соҳа ходимлари, эко-фаоллар, ёшлар, жамоатчилик вакиллари иштирокида плоггинг акциялари ўтказиб келинмоқда. Бу эко-тадбирлар орқали аҳоли гавжум ҳудудларни чиқиндилардан тозалаш анъанага айланган.

Акция давомида вазирлик ва агентлик мутасаддилари, секторлар масъуллари, Тошкент вилояти ва шаҳри бошқармалари ҳамда тизим ташкилотлар вакиллари, ёшлар, эко-фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари Тошкент денгизи соҳилидаги белгиланган ҳудудни чиқиндилардан тозалади.

Плоггинг давомида Тошкент денгизи соҳили бўйида 962 кг чиқинди йиғилди. 200 кг пластик идиш қайта ишлаш учун юборилди. Якунда Ўрмон хўжалиги агентлиги жамоаси 1-ўринни (223 кг чиқинди), «Ёш экологлар жамоаси» 2-ўринни (175 кг чиқинди) ва Тошкент вилояти «Тоза ҳудуд» корхонаси жамоаси 3-ўринни (155 кг чиқинди) эгаллади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда  ўтган йили World Cleanup Day халқаро эко-акцияси доирасида ҳудудлар жами 36,5 тонна чиқиндидан тозаланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид