Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарига имтиёзлар берилади
“Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида ислоҳотларни жадаллаштириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2025 йил пахта ҳосилини нобуд қилмасдан, ўз вақтида териб олишни таъминлаш мақсадида фермер хўжаликларига улар томонидан қайта ишловчи корхоналарга, шу жумладан, кластерларга биржа савдолари орқали сотилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 1 млн сўмдан субсидия ажратилади.
Кластерлар ва тармоқ корхоналари ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирса ёки харид қилса, хомашё қийматининг 10 фоизи қоплаб берилади.
2025 йил 1 сентябрдан 3 йил муддатга:
🔹 кластерлар, тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналарига ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланади;
🔹 белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган аралаш мато ва газлама маҳсулотлари, чарм ва ипак саноати учун зарур хомашёлар божхона божидан озод этилади.
Меҳнат шартномаси асосида ишлаётган ходимлари сони 200 дан ортиқ бўлган пахта-тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналари томонидан ташкил этилган мактабгача таълим ташкилотларига оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари учун белгиланган шартларда давлат бюджетидан субсидия ажратилади.