Ўзбекистон | 22:13 / 23.09.2025
3377
7 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё барқарорлиги учун Мирзиёевнинг БМТдаги ташаббуслари

БМТнинг 80-сессияси арафасида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги фаоллиги ва президент Шавкат Мирзиёевнинг илгари сураётган ташаббуслари яна диққат марказда.

Ўтган давр мобайнида президент БМТ минбарида глобал муаммоларга ечим топиш, минтақавий барқарорликни мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди. Шу даврда расмий Тошкент таклифи билан 13 та резолюция қабул қилиниб, уларнинг ярми Марказий Осиёга тааллуқли бўлди. Ташаббуслар халқаро форумларда амалий дастур ва лойиҳалар орқали ҳаётга татбиқ этилди.

“Геосиёсат”да таҳлилчилар ушбу ташаббусларнинг мазмуни, уларнинг минтақавий ва глобал жараёнларга таъсири ҳамда Ўзбекистон дипломатиясининг янги қирраларини атрофлича муҳокама қилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ўзбекистон 2017–2025 йиллар БМТда қандай ташаббусларни илгари сурди ва расмий Тошкент таклифи билан қандай резолюциялар қабул қилинди?

Қодир Жўраев: Мамлакатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг турли сессияларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2017 йилги 72-сессия, 2020 йилдаги пандемия сабаб онлайн тарзда ўтган 75-сессия, 2021 йилдаги 76-сессия ҳамда 2023 йилда ўтказилган 78-сессияда қатнашган. Шунингдек, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида ҳам фаол иштирок этиб, қатор муҳим таклиф ва ташаббусларни илгари сурган. Умуман олганда, сўнгги йилларда 40 га яқин ташаббус тақдим этилган. 2017–2024 йиллар давомида Ўзбекистон ташаббуси билан 13 та муҳим резолюция қабул қилинди. Таққослаш учун, 1991–2016 йиллар мобайнида атиги 2–3 та резолюция тасдиқланганди. Муҳими, бу ташаббуслар фақат баёнот даражасида қолмай, турли дастур, лойиҳа, тадбир ва анжуманлар орқали ҳаётга татбиқ этилди.

Шулардан айримлари: Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюция (2020–2021 йиллар). Унга мувофиқ, халқаро ҳамжамият Оролбўйи учун қўшма саъй-ҳаракатларни бирлаштирди.

“Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида боғлиқликни мустаҳкамлаш” резолюцияси (2022 йил). Бу ҳужжатда транспорт коридорлари яратиш ва минтақалараро ҳамкорликни кучайтириш ғояси илгари сурилди.

“Халқаро цивилизациялар ўртасида мулоқот куни” резолюцияси (2024 йил). Ўзбекистон ва Хитой муаллифлигида ишлаб чиқилган ушбу ташаббусни 80 га яқин давлат қўллаб-қувватлади. Қарорга кўра, ҳар йили 10 июн куни мазкур кун халқаро миқёсда нишонланади.

Азизхон Назиров: 2018 йил 19 июнда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТда муҳим резолюция қабул қилинди. У Марказий Осиёдаги жараёнлар ва минтақавий ривожланишга бағишланган бўлиб, кўплаб БМТ аъзо давлатлари муаллиф сифатида иштирок этди. Шу резолюциядан сўнг БМТ қароргоҳида Марказий Осиё давлатлари ўртасида жипслашув сезилди. Ҳар қандай янги ташаббус илгари сурилганда, минтақа давлатлари бир овоздан уни қўллаб-қувватлади, бошқа мамлакатларни ҳам жалб этишда фаол ёрдам берди.

Шаҳноза Қодирова: Ҳар бир ташаббус ва резолюция аввало мамлакатимиз миллий ривожланиш мақсадларини кўзда тутади. Шу билан бирга, улар минтақавий ҳамда глобал муаммоларга ечим топишни ҳам ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ташаббусларда тараққиётимиз учун зарур соҳалар белгилаб олиниб, шу йўналишда таклифлар ишлаб чиқилади. Давлатимиз раҳбарининг ташаббусларида Марказий Осиёнинг ўрнини алоҳида таъкидлаш лозим. 2016 йилдан бошлаб Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, хавфсиз ҳудуд яратиш бўлди. Натижада 2017–2024 йилларда қабул қилинган 13 та резолюциянинг ярмига яқини, яъни олтитаси бевосита Марказий Осиёга тааллуқли. Улар минтақада барқарор ривожланиш, хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга ечим топишни кўзда тутади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ташаббусларида глобал масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни ўтган 30 йилдан ортиқ ҳамкорлик давомида БМТ ва Ўзбекистон кун тартиби тобора кенгайиб, янги мавзуларни қамраб олмоқда.

БМТ оиласига кирувчи ихтисослашган ташкилотлар бор, улар билан мамлакатимизнинг ҳамкорлиги қай тарзда ривожланмоқда?

Қодир Жўраев: БМТ таркибига 10 га яқин ихтисослашган ташкилот киради. Улар БМТ оиласининг бир қисми бўлса-да, ўзининг алоҳида бюджети, сиёсати ва фаолият соҳаси билан мустақил ташкилот сифатида фаолият юритади. Масалан, ЮНЕСКО – таълим, фан ва маданият соҳасида ишлайдиган муассаса ҳисобланади. Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотлар билан ҳамкорлиги йилдан йилга ривожланмоқда. Бир неча мисолларни келтириш мумкин: ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда болалар орасида юқумли касалликларнинг олдини олиш, эмлаш ишларини кенгайтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича қатор дастурлар амалга оширилмоқда. ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Ўзбекистон тарихига оид муҳим саналар ва юбилейлар нишонланмоқда. Шунингдек, мамлакатимиздаги тарихий обидалар ушбу ташкилот рўйхатларига киритилган. Жумладан, ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатида Ўзбекистондан еттита, Номоддий маданий мерос рўйхатида эса 12 та объект мавжуд.

Маданият, санъат, таълим ва фан соҳаларида ЮНЕСКО билан фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда. Яқин кунларда Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКОнинг йирик анжумани ўтказилиши ҳам бу ҳамкорликнинг яққол ифодасидир.

Шаҳноза Қодирова: Сўнгги йилларда БМТ ваколатхоналари ва агентликлари билан Ўзбекистоннинг алоқалари жадал ва тизимли ривожланмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 25 та ваколатхона ва агентлик фаолият юритиб, улар билан 160 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бу ҳамкорлик, аввало, миллий ривожланиш мақсадларимиздан келиб чиқиб йўлга қўйилмоқда. Масалан, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси билан аҳолининг рўйхатга олиниши, демографик тадқиқотлар ҳамда репродуктив саломатлик соҳаларида самарали ҳамкорлик қилинмоқда. 2022 йилда шу тузилма билан биргаликда Демография лабораторияси ташкил этилди. БМТ агентликлари билан ҳамкорлик оддий фуқаролар ҳаётида ҳам сезилмоқда. Хусусан, таълим соҳасидаги лойиҳалар йилдан йилга ўз самарасини бермоқда. Шунингдек, БМТ шафелигида Ўзбекистонда турли юқори ва ўрта даражадаги тадбирлар ўтказилмоқда. Масалан, жорий йилда Самарқандда илк бор Давлат хизмати форуми ўтказилди. Унда дунёнинг турли минтақаларидан мутахассислар иштирок этди ва Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Бу форум давлатлар ўртасида тажриба алмашиш ва малака ошириш учун муҳим майдон вазифасини бажарди.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид