Жамият | 15:48 / 02.10.2025
19762
4 дақиқада ўқилади

Қушбегидаги ёнғинда 4 киши вафот этгани маълум бўлди

Синтепон ишлаб чиқариш цехида юз берган ёнғинда икки эмас, 4 киши ҳалок бўлган: уларнинг 3 нафари воқеа жойида, бири эса шифохонада вафот этган. Яна 4 киши эса турли даражада тан жароҳати олган. Тадбиркор синтепон тайёрлашга мўлжалланган ишлаб чиқариш технологиясини белгиланган талабларга зид равишда, тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан ишга туширгани аниқланди.  

Фото: Видеодан кадр

Яккасарой тумани Қушбеги кўчасида жойлашган Яккасарой кичик саноат зонаси ҳудудидаги синтепон ишлаб чиқариш цехида юз берган ёнғинда 4 киши ҳалок бўлгани маълум бўлди. Ҳолат бўйича “Тош Макон Прогресс” МЧЖ таъсисчисига суд ҳукми ўқилди.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, синтепон ишлаб чиқариш цехи Л.М. таъсисчилиги ва раҳбарлигидаги “Тош Макон Прогресс” МЧЖга тегишли бўлган. Тадбиркор Қушбеги кўчаси 6-уй 2-блок комплексидаги имтиёзли шартларда ижарага олинган ишлаб чиқариш биносида синтепон тайёрлашга мўлжалланган “Экструдер” ишлаб чиқариш технологиясини белгиланган талабларга зид равишда, тегишли тартибда рўйхатдан ўтмасдан ишга туширган. 

Судга оид комплекс портлаш техникавий экспертизасининг 2025 йил 7 июлдаги хулосасига кўра, цехда портлаш хавфи юқори бўлган пропан газини узатишда газ сизиб чиқиш имконини берувчи ёриқлари бўлган, мой алмаштиришга мўлжалланган шланглардан фойдаланилган. Оқибатда газ носоз шланг орқали сизиб чиқиб, бино ертўласида тўпланган ҳамда портлаш ва ёнғин юз берган. Бу пайтда портлаш зонасида бўлган жамият ишчилари Ойбек Ибрагимов, Аллаёр Суюнов, Бобур Турдиев ва Жамшид Қуролов оғир жароҳат олиб, вафот этган. Яна 4 киши эса (икки нафари аёл) турли даражада тан жароҳати олган.

Бундан ташқари, портлаш оқибатида бинога ёндош 4 та ишлаб чиқариш объектига 3 млрд сўмдан ортиқ моддий зарар етказилган.

Л.М. судда айбига қисман иқрорлик билдирган.

2025 йил 1 май куни соат 7:00 атрофида телефон рақамимга қайсидир ишчи қўнғироқ қилиб, корхона портлаганини айтди. Зудлик билан ҳодиса жойига етиб бордим. Дастлаб ҳодиса жойидан О.Ибрагимов ва А.Суюновнинг, кейинчалик Б.Турдиевнинг жасади чиқди. Шунингдек, Жамшид Қуролов 2025 йил 10 май куни шифохонада вафот этди”, деган у судда.

МЧЖ таъсисчиси корхонада газ сизиб чиқишидан хабар берувчи детекторлар мавжуд бўлмаганини, даврий равишда ҳаво намуналари тадқиқ қилинмаганини, чунки ушбу хавфсизлик чоралари ҳақида хабардор бўлмаганини айтган. Шунингдек, жабрланувчилар ва уларнинг қонуний вакилларидан узр сўраб, яқин орада етказилган зарарларни тўлиқ қоплаб беришини маълум қилган.

Суд ҳукми билан Л.М. Жиноят кодексининг 192-11-моддаси (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” банди, 257-моддаси (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) 2-қисми “а, б” бандлари ва 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а, б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 1 йил-у 1 ой раҳбарлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Ушбу ёнғин 2025 йил 1 май куни тонгда юз берган эди. ФВВ ўшанда ёнғин бартараф этилганидан сўнг жойни ўрганиш давомида икки нафар фуқаронинг жасадлари аниқланганини маълум қилганди.  

Мавзуга оид