Жамият | 17:45 / 12.10.2025
19688
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов вафот этди

У мустақилликнинг дастлабки йилларида миллий армияни шакллантириш ва мудофаа тизимини барпо этишда муҳим рол ўйнаган.

Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов 82 ёшда вафот этди. Бу ҳақда мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Марҳумнинг дафн маросими 13 октябр куни соат 11:30 да, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Орол 3-тор кўчаси 13-уйда бўлиб ўтиши маълум қилинган.

Генерал-полковник Рустам Аҳмедов 40 йилдан ошиқ умрини мамлакат қуролли кучлари учун бағишлаган, амалда миллий армия асосчиларидан бири бўлган. 

Хусусан, 1991–1997 йилларда мудофаа вазири лавозимида ишлаган (1991–1992 йилларда бир вақтнинг ўзида миллий гвардияга ҳам раҳбарлик қилган), кейин маълум муддат, 1998 йил нафақага чиққунича фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқарган. 2018 йилда эса давлат хизматига қайтиб, мудофаа вазирига маслаҳатчи бўлганди.

***

Генерал-полковник Рустам Ўрмонович Аҳмедов 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида таваллуд топган.

1965 йилда Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини танк қўшинлари тактик қўмондонлиги мутахассислиги бўйича, 1985 йилда эса Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясини қўмондон-штаб оператив-тактик мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1966 йилдан 1972 йилгача қадар Болтиқбўйи қўшинлари ҳарбий округи 11-армия танк полки танк взводи командири лавозимидан Шимолий қўшинлар танкчилар дивизияси танкчилар баталёни командирининг сиёсий бўлим бўйича ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.

1972 йилдан 1986 йилгача Тошкент олий танк қўмондонлик, Самарқанд олий ҳарбий автомобил қўмондонлик-муҳандислик билим юртларида курсантлар баталёнида командирнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда баталён командири лавозимларида хизмат ўтаган.

1986 йилдан 1991 йилгача Тошкент вилояти фуқаролик мудофааси командирининг ўринбосари – штаб бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

1991 йилдан 1992 йилгача бир вақтнинг ўзида мустақил Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари бўйича вазири – Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардия қўмондони лавозимида, 1992 йилдан 1997 йилгача эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган.

«Аҳмедов Рустам Ўрмонович мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири сифатида тарихдан жой олди.

Марҳум нафақат мудофаа тизимида, балки 1997 йил сентябр ойидан 1998 йил сентябр ойигача Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида фаолият юритгани ҳам барчамизга маълум.

1998 йилда нафақага чиқиб, бугунги кунгача ёшларга офицер шарафи ва инсоний камтарлик намунаси бўлиб келди.

Шунингдек, 2018 йилдан 2020 йилгача Мудофаа вазирининг маслаҳатчиси лавозимида мудофаа тизимининг муҳим йўналишларини қайта ислоҳ қилишда фаол иштирок этган», дейилади вазирлик хабарида.

У кўп йиллик фидойи хизматлари учун Ўзбекистон Республикасининг бир қатор орден ва медаллари билан тақдирланган.

Хусусан, 1993 йилда Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи ва 1995 йилда II даражали «Шон-шараф» ордени билан мукофотланган.

Ўзбекистон Республикаси миллий армиясини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун 2018 йилда «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид