Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон стартап экотизими 13 баробар ўсиб, 3,9 миллиард долларга етди
Dealroom.co халқаро таҳлил компанияси маълумотларига кўра, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон стартап экотизимининг қиймати 13 баробар ўсиб, 3,9 миллиард долларга етди. Бу ўсиш тезлиги бўйича дунёда етакчи эканлиги эътироф этилган.
Фото: Dealroom
Тез ривожланаётган экотизим
Бугунги кунда Ўзбекистонда fintech (молиявий технологиялар), сунъий интеллект, таълим технологиялари, логистика ва рақамли коммуникациялар соҳалари фаол ривожланмоқда.
“Dealroom” маълумотларига кўра, мамлакатда:
· 54 та стартап таълим (EdTech);
· 51 таси — молиявий технологиялар (FinTech);
· 31 таси — транспорт ва логистика;
· 27 таси — маркетинг ва рақамли соҳаларда;
· 26 таси — сунъий интеллект (AI) соҳасида фаолият юритмоқда.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов таъкидлаганидек, соҳанинг жадал ўсиши рақамлаштириш борасидаги изчил сиёсат натижасидир:
“Президентимизнинг IT соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибори туфайли Ўзбекистон дунёдаги энг тез ривожланаётган стартап экотизимига эга бўлди. Бу халқаро таҳлилий компания Dealroom.co томонидан ҳам эътироф этилди.
Бундай янгиликлар венчур фондлари ва стартап экотизимининг бошқа иштирокчиларининг мамлакатимизга бўлган қизиқишини оширади, шунингдек, ёшларга ўз стартап ғояларини ривожлантириш ва илгари суриш учун қўшимча имкониятлар яратади.”

Dealroom асосидаги миллий платформа
IT Park Uzbekistan билан ҳамкорликда “Dealroom.co” компанияси таҳлилий платформанинг миллий версиясини ишга туширди — uzbekistan.dealroom.co. У мамлакатимиздаги стартаплар, инвесторлар, акселераторлар, венчур фондлари ва технологик компаниялар тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлайди.

Платформа бозор шаффофлигини ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида яратилган. Яқин келажакда у “StartupBase” маҳаллий тизими билан интеграция қилинади, бу эса мамлакатимизнинг барча лойиҳалари ҳақидаги маълумотларни ягона рақамли маконда жойлаштириш имконини беради.
IT Park Uzbekistan раҳбари Абдулахад Кучкаров ушбу ресурс инвесторлар ва таҳлилчилар учун асосий воситага айланишини таъкидлаб ўтди:
“Платформа стартапларга ўзларини намоён қилиш, инвесторларга эса ишончли маълумотлар асосида ҳамкорлар топиш ва бозор салоҳиятини баҳолаш имкониятини беради.”
Халқаро эътироф
“Dealroom.co” асосчиси ва бош директори Йорам Вийнгаард Ўзбекистон жаҳон стартап харитасидаги энг қизиқарли нуқталардан бирига айланаётганини таъкидлади:
“Ёш аҳоли, АКТ соҳасининг жадал ривожланиши ва инновацияларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши мамлакатни минтақадаги энг истиқболли бозорлардан бирига айлантирмоқда.”
“Dealroom” маълумотларига кўра, ўзбекистонликлар томонидан асос солинган 50 дан ортиқ стартап бугунги кунда АҚШ, Буюк Британия, БАА, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда ўз фаолиятини кенгайтирмоқда. Ўзбекистон лойиҳалари томонидан жалб қилинган инвестицияларнинг умумий ҳажми 9 миллион долларга яқинлашмоқда.


Бозор етакчилари орасида “Uzum”, “Click”, “Billz”, “IMAN”, “Alif”, “Oson” ва “Smartup” компаниялари бўлиб, улар мамлакатнинг технология соҳасига асос солмоқда. “Uzum” ва “TBC Bank Uzbekistan” компаниялари қиймати 1 миллиард доллардан ошиб, мамлакатдаги биринчи “яккашох”лар мақомига эришди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, платформанинг ишга туширилиши ва стартаплар баҳоланишининг тез суръатларда ўсиши Ўзбекистонда янги IT-воқелик шаклланаётганини тасдиқлайди. Бу эса қисқа вақт ичида мамлакат маҳаллий иштирокчидан Евросиёнинг технологик ривожланиш бўйича динамик марказига айланганини намоён этмоқда.