Иқтисодиёт | 12:19 / 23.10.2025
3388
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат қарори: Чакана савдодаги акция ва чегирмалар ҳаққоний бўлиши керак

Нархни сунъий кўтариб, кейин “чегирма” сифатида тушириш орқали мижозларни алдаш қатъиян тақиқланди. Чегирма эълон қилинганда кўрсатиладиган “аввалги нарх” сўнгги 30 кун ичидаги энг паст нарх бўлиши шарт (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бундан мустасно).

Фото: iStock

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан, чакана савдода акция ва чегирмаларни қўллаш тартиби белгиланди ва қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик киритилди. Бундан мақсад – чакана савдодаги нархлаш ва реклама амалиётини истеъмолчи манфаатига мослаштириш, дея хабар берди Рақобат қўмитаси.

Қарорга кўра, акциялар эълон қилиш ва чегирма беришда истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган усуллар чекланади. Жумладан:

  • чегирма эълон қилинганда кўрсатиладиган “аввалги нарх” сўнгги 30 кун ичидаги энг паст нарх бўлиши шарт (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бу қоида татбиқ этилмайди);
  • нархномада акциядаги нархни одатдаги нархдан каттароқ шрифтда ёзиб визуал устун қўйиш орқали истеъмолчини адаштиришга йўл қўйилмайди;
  • нархни сунъий кўтариб, кейин “чегирма” сифатида тушириш орқали рақобатдошликни сохталаштириш қатъиян тақиқланади;
  • акция/чегирма ҳақидаги маълумотлар солиқ органларига 10 кун олдин тақдим этилиши лозим.

Сотувчи чегирма эълон қилишдан олдин товар ва нархлар ҳисобини юритиб, сўнгги 30 кунда амалда бўлган нархларни қайд этиши ва зарурат туғилганда истеъмолчига тақдим қилиши шарт.

Шунингдек, сотувчи акция ўтказиш шартлари, амал қилиш муддати, сотиб олиш тартиби, акцияга қўйиладиган товарлар номи (туркуми), нархи, имтиёзлар ҳамда бошқа муҳим маълумотларни аниқ ва тушунарли шаклда эълон қилиши керак.

Акция давомида қўйилган товарлар етарли захира билан таъминланиши шарт. Агар чегирма учун шахсий маълумот талаб этилса, уларни қайта ишлаш амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши ва истеъмолчига мақсад ҳамда шартлар ҳақида ахборот берилиши лозим.

Қоидаларни бузган тақдирда, белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид