Жаҳон | 12:54 / 24.10.2025
4702
3 дақиқада ўқилади

Мутахассислар: космос ҳарбий тўқнашув майдонига айланди

Йўлдошларга қарши технологиялар (ASAT, anti-satellite) Хитой, Россия, Ҳиндистон ва АҚШ каби космик давлатлар учун янги ҳарбий «мажбурий вариант»га айланмоқда. АҚШ ҳарбийлари очиқчасига мамлакатга космик қуроллар кераклигини, улар эҳтимолий тўқнашувни тийиб туриш ва агар у барибир бошланса, муваффақиятга эришиш учун зарур эканини маълум қилди.

«Россия ва Хитой тобора мураккаблашиб бораётган орбитал манёврларни намойиш этмоқда — бундан бош тортиш мумкин эмас», — деди Буюк Британиядаги Дарем университети (Durham University) астрополитика кафедраси доценти ва Космик тадқиқотлар маркази ҳамраиси Бледдин Боуэн Space.com'га берган интервюсида.

Боуэннинг таъкидлашича, бугун космик державалар арсеналида йўлдошларни йўқ қилишнинг кўплаб усуллари мавжуд: тўғридан тўғри уришдан тортиб радиоэлектрон кураш, киберҳужумлар, ерустидаги станцияларни ишдан чиқариш, терминалларни йўқ қилиш, ҳатто алоқа ускуналари жойлашган кемаларни чўктиришгача.

Боуэнга кўра, бундай ҳужумлар белгилари аллақачон кузатилмоқда. Масалан, Starlink (SpaceX) каби тижорий йўлдош тармоқлари сигналларини бузиш ва киберҳужумларга дуч келган. GPS’даги халаллар ҳам тобора кўпроқ қайд этилмоқда — уларнинг манбаи, тахминан, Россия ҳудудида, деб ҳисобланади.

«Биз йўлдошларга ҳужумлар ҳарбий режаларнинг одатий қисмига айланаётганини кузатмоқдамиз. Бу деярли стандарт амалиёт бўлиб қолди», — дея қўшимча қилди Боуэн.

АҚШдаги RAND Space Enterprise нодавлат тадқиқот ташкилоти раҳбари Брюс МакКлинтокнинг қайд этишича, умуман олганда, Россия космосга минимал даражада, АҚШ эса иқтисодиётда ҳам, ҳарбий операцияларда ҳам максимал тарзда боғлиқ. Хитой эса космик тизимларга боғлиқликни жадал оширмоқда — бу деярли ҳар кунги парвозлардан ҳам кўриниб турибди.

«Шу боис, Россия учун нафақат АҚШ устидан, балки ҳамманинг устида “турган” таҳдид манфаатли», — деди эксперт.

Вазиятни космик чиқиндиларни «тозалаш»га қаратилган лойиҳалар ҳам мураккаблаштирмоқда.

«Уларни тозалайдиган аппаратга бошқа нуқтаи назардан ASAT қуроли сифатида ҳам қаралиши мумкин», — деди МакКлинток.

Худди шунингдек, йўлдошларни қайта ёнилғи қуйиш ва таъмирлаш технологиялари ҳам тажовузкор мақсадларда қўлланиши мумкин.

Йўлдошларга қарши технологияларни ривожлантиришни космик давлатлар учун «хавфсизлик полиси» деб бўладими?

«Унчалик эмас, — деб ҳисоблайди Secure World Foundation’нинг космос хавфсизлиги бўйича директори Виктория Самсон. — Бироқ кўп давлатлар ушбу технологияларга инвестиция киритмоқда — орбитага кириш ва ундан фойдаланиш имконини кафолатлаш учун».

Самсоннинг айтишича, бундан ташқари, давлатлар «рақобатчилардан орқада қолишдан» ёки камроқ кучли кўринишдан қўрқади.

Масалан, АҚШ Космик кучлари вакиллари 2024 йил баҳорида Хитой йўлдошлари томонидан кўплаб яқинлашиш ва манёврлар ҳақида гапириб, буни «космосдаги ҳаво жанглари» деб атаган — бу ифода Самсон фикрича мутлақо нотўғри.

Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) яқинда муваффақиятли туташишни амалга оширди ва «энди космосда жанг олиб бориши мумкин»лиги ҳақида ҳам баёнот берди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид