Технология | 07:53 / 09.03.2026
4924
3 дақиқада ўқилади

Самолётдан космосга: лазер алоқада рекорд тезлик қайд этилди

Европа космик агентлиги (ESA) Airbus Defence and Space, Нидерландиянинг TNO тадқиқот ташкилоти ҳамда Германиянинг TESAT компанияси билан ҳамкорликда муҳим тажриба ўтказди: парвоз қилаётган самолёт билан геостационар орбитадаги сунъий йўлдош ўртасида барқарор лазер алоқасини ўрнатишга муваффақ бўлинди. Бунда маълумот узатиш тезлиги сониясига 2,6 гигабитга етди.

Фото: Airbus

Синовлар Франциянинг Ним шаҳри ҳудудида ўтказилди. UltraAir оптик терминали билан жиҳозланган учиш аппарати Ердан тахминан 36 минг километр баландликда жойлашган геостационар Alphasat сунъий йўлдоши билан барқарор алоқа каналини йўлга қўйди. Лойиҳа иштирокчилари маълумотига кўра, сигнал сифати йўқолмасдан, уланиш бир неча дақиқа давомида барқарор сақланиб турган.

Асосий технологик муаммо лазер нурини ниҳоятда аниқ йўналтиришдан иборат бўлди. Парвоз вақтида самолёт доимий равишда вибрация, турбулентлик ва йўналишдан оғишларга дуч келади, шу билан бирга нур ўн минглаб километр узоқликда жойлашган сунъий йўлдошнинг нисбатан кичик қабул қилувчи тизимига аниқ йўналтирилиши керак. Ҳатто жуда кичик силжиш ҳам алоқа каналининг узилишига олиб келиши мумкин, шунинг учун бундай тизим ўта юқори аниқликдаги барқарорлаштириш ва мукаммал созлашни талаб қилади.

Анъанавий радиочастотали алоқа линиялари билан таққослаганда, лазер каналлари сезиларли устунликларга эга. Улар анча юқори ўтказувчанликни таъминлайди ва ҳимоя даражаси ҳам баланд бўлади — бундай сигналларни аниқлаш, бўғиш ёки ушлаб қолиш анча қийин.

Бироқ технологиянинг чекловлари ҳам бор. Лазер алоқаси об-ҳаво шароити ва атмосфера ҳолатига сезгир, сигнални йўналтириш аниқлиги ҳамда бир вақтнинг ўзидаги уланишлар сонига нисбатан қаттиқроқ талаблар қўяди. Бундан ташқари, бундай тизимлар учун ускуналар ҳозирча қиммат бўлиб қолмоқда ва алоқа линияси ҳар икки учида ҳам жуда аниқ йўналтириш ҳамда барқарорлаштиришни талаб қилади.

Янги технологияни қўллашнинг энг яққол соҳаси — ҳарбий авиация, кемалар ва бошқа стратегик объектлар учун ҳимояланган, ўта кенг полосали алоқа ҳисобланади. Шу билан бирга, ишлаб чиқувчилар унинг фуқаролик соҳасида ҳам катта салоҳиятга эга эканини таъкидламоқда, аввало, юқори тезликдаги сунъий йўлдош тармоқлари сегментида.

UltraAir лойиҳаси ESAнинг оптик космик алоқани ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилмоқда. Истиқболда агентлик лазер каналлари орқали юқори ўтказувчанликка эга бўлган сунъий йўлдошлар ва ҳаво платформаларидан ташкил топган кенг тармоқни яратишни режалаштирмоқда. Бу эса глобал маълумот узатиш архитектурасини сезиларли даражада ўзгартириши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид