Иқтисодиёт | 08:33 / 27.10.2025
1976
2 дақиқада ўқилади

Литва Калининградга транзитни чеклаш масаласини кўриб чиқади

Литва президенти Гитанас Науседа контрабандачи аэростатлар мамлакат ҳаво ҳудудига мунтазам кириб келаётгани сабабли Калининград вилоятига транзитни чеклаш ва Беларус билан чегарани узоқ муддатга ёпишни таклиф этди. Давлат раҳбарининг мазкур баёнотини якшанба, 26 октябр куни «Болтиқ ахборот хизмати» (BNS) эълон қилди.

Фото: Михаил Голенков/РИА Новости

«Президент сўнгги кунлардаги ҳодисалар ва аэропорт ишидаги узилишларни Литвага нисбатан гибрид ҳужум деб баҳолайди, унга симметрик ҳам, асимметрик ҳам чоралар билан жавоб қайтариш зарур», — дейди президент вакиллари. Уларнинг таъкидлашича, ҳукумат яқин кунларда эҳтимолий чора-тадбирларни таклиф этади.

«Кўриб чиқилиши лозим бўлган вариантлар орасида Беларус билан чегарани узоқ муддатга ёпиш ва Калининградга транзитни чеклаш ҳам бор», — дея қўшимча қилди девон. Кутилишича, Науседа ушбу чораларни 28 октябр куни идоралараро йиғилишда муҳокама қилади.

Беларусдан учирилаётган метеозондлар ЕИнинг қўшни мамлакатлари ҳаво ҳудудига мунтазам кириб келмоқда — фақатгина 2025 йил бошидан Литва бундай 500 та ҳолатни қайд этди. Чегарачилар Латвия ва Полшада ҳам контрабанда сигарета юкланган шарларни аниқламоқда.

Литва учун муаммо шундаки, метеозондлар бевосита Вилнюс аэропортига яқинлашмоқда — шу сабабли у ерда бир неча соатгача амал қиладиган парвоз чекловлари жорий этилмоқда. Фақат октябр ойининг ўзида бу чораларга аэропорт тўрт марта мурожаат қилди, шулардан учтаси — сўнгги ҳафта ичида. Зондлар сабаб Каунас — мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри — аэропорти ҳам ишини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди.

Литва ҳукумати содир бўлаётган ҳолат учун жавобгарликнинг бир қисмини Беларус ҳокимиятининг ҳаракатсизлигига юкламоқда — улар контрабандачиларга тўсиқ қўймаяпти, деб таъкидлаган эди аввало бош вазир Инга Ругинене. Шу фонда мамлакат Беларус билан чегарада айрим назорат-ўтказиш пунктларини вақтинча ёпган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид