Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мюнхенликлар шаҳарда Олимпиада ўтказилишини қўллаб-қувватлади
Мюнхенда Олимпиада ўтказиш бўйича ўтказилган референдумда қатнашган шаҳар аҳолисининг деярли учдан икки қисми бу ғояни қўллаб-қувватлади. Бу овозларни санашнинг дастлабки натижаларидан маълум. ОАВ маълумотларига кўра, иштирок даражаси шаҳар учун рекорд бўлди.
Мюнхен аҳолисининг кўпчилиги референдумда шаҳарда 1972 йилдан кейин иккинчи марта Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш имкониятини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда якшанба куни, 26 октябрда бўлиб ўтган овоз бериш натижалари гувоҳлик беради. Dpa агентлигининг хабар беришича, мюнхенликларнинг кўпчилиги 2036, 2040 ёки 2044 йилларда Олимпиада ўтказиш тарафдори экани қайд этилган.
Барча 364 участкада овозлар санаб чиқилгандан сўнг аниқланишича, “ҳа” деб овоз берганлар қаршиларидан деярли икки баробар кўп — 305 мингга қарши 154 минг.
Шу билан бирга, dpa таъкидлашича, Германия Олимпия спорт конфедерацияси (DOSB) фақат 2026 йилдагина ўйинларни ўтказиш учун ариза бериш-бермаслик масаласида қарор қабул қилади. Бундан ташқари, мусобақаларни ташкил этиш учун Мюнхендан ташқари Берлин, Райна-Рур региони ёки Ҳамбург ҳам таклиф этилиши мумкин. Масалан, Ҳамбург ҳокимияти ўз референдумини 2026 йил 31 май кунига белгилаган.
Овоз бериш натижалари кучга эга бўлиши учун унда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганлар сонининг камида 10 фоизи — деярли 110 минг киши — иштирок этиши керак. Референдумда Мюнхенда асосий яшаш жойига эга бўлиб, камида икки ойдан буён шу ерда истиқомат қилаётган ва 2025 йил 26 октябрга келиб 18 ёшга тўлган барча ЕИ фуқаролари иштирок этиши мумкин эди. Шаҳар ҳокимияти маълумотларига кўра, бундай фуқаролар жами тахминан 1,1 миллион нафарни ташкил этган.
Якунда референдумда аҳолининг 42 фоизи иштирок этди. Қолаверса, қатнашувчиларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи ўз танлови ҳақида почта орқали хабар берган. Бу қадар юқори улуш шу билан изоҳланадики, овоз бериш конвертлари фуқароларга тарихда илк бор уларнинг сўровисиз почта орқали юборилди.
Мюнхендаги олдинги иштирок рекорди 2001 йилда ўрнатилган бўлиб, ўшанда Фреттманинг туманида янги стадион қуриш-қурмаслик масаласи муҳокама қилинган референдумда қатнашиш даражаси 37,5 фоизни ташкил этган эди.
Олимпиада ва Паралимпиадани ўтказиш ташаббускорлари бу ўйинларни “Юрак ва руҳ билан ўйинлар” ҳамда қисқа масофали, экологик тоза мусобақалар сифатида тарғиб қилмоқда. Ташкилий қўмита маълумотига кўра, мусобақалар учун мўлжалланган иншоотларнинг 90 фоизи Олимпия қишлоғидан 30 км масофадан узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган, Олимпия қишлоғи учун жой Мюнхеннинг шимолий-шарқий қисмида танланган.
Шу билан бирга, зарур объектларнинг кўпчилиги аллақачон мавжуд. Айримлари модернизация ёки кенгайтиришни талаб қилади, фақатгина кам қисми нолдан қурилиши лозим. Ташаббус тарафдорлари Мюнхендаги ўйинлар иқтисодиётга, уй-жой қурилишига, инфратузилмага, шаҳар кайфиятига ва Германиянинг жаҳондаги имижига ижобий таъсир кўрсатишини кутмоқда.
Мюнхеннинг аризасига қарши чиқувчилар эса ўйинлар жуда қимматга тушишини таъкидлайди. Мюнхен Техника университети (TUM) мутахассислари зарур харажатларни 18–21 миллиард евро деб баҳолаган. Ташаббус танқидчилари шунингдек кутилмаган ҳолатлар янада юқори харажатларга олиб келишидан огоҳлантиради. Улар, шунингдек, Мюнхен аризаси маъқулланса, шаҳарда уй-жой нархлари ва яшаш қиймати ошиб кетишидан хавотир билдирмоқда.
Мавзуга оид
07:38 / 06.05.2026
Ўзбекистонликлар Германияга 3 минг евролик ишларга таклиф қилинди
22:55 / 26.03.2026
Трансгендер спортчиларга Олимпиада аёллар мусобақаларида иштирок этиш тақиқланди
23:00 / 22.02.2026
Хоккей бўйича АҚШ терма жамоаси 1980 йилдан буён илк бор Олимпиадада олтин медални қўлга киритди
22:00 / 22.02.2026