Спорт | 21:58 / 27.10.2025
7342
1 дақиқада ўқилади

Рустам Қосимжонов Ўзбекистон шахмат терма жамоасига бош мураббий бўлди

Унинг олдига миллий жамоанинг халқаро майдондаги барқарор натижаларини мустаҳкамлаш вазифаси қўйилди.

Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

Халқаро гроссмейстер, 2004 йилги FIDE Жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов Ўзбекистон эркаклар шахмат миллий терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон шахмат федерацияси хабар берди.

Қайд қилинишича, унинг олдига миллий жамоанинг халқаро майдондаги барқарор натижаларини мустаҳкамлаш, ёшлар учун замонавий тайёргарлик тизимини йўлга қўйиш, жамоани йирик мусобақаларга сифатли тайёрлаш вазифаси қўйилган.

Рустам Машруқович Қосимжонов 1979 йилда Тошкентда туғилган. 2004 йилги FIDE жаҳон чемпионатида сенсацион ғалабани қўлга киритган. «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони, Амир Темур ордени билан тақдирланган.

Қосимжонов 2008-2012 йиллардаги жаҳон чемпионати ўйинларида ҳиндистонлик гроссмейстер Вишванатан Ананднинг секундант мураббийи бўлиб, унинг ғалабасига ёрдамлашган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид