Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Синдоров Номзодлар турниридаги иштироки орқали 165 минг евро ишлаб олди
Охирги тур натижасига қараб мукофот пуллари яна ортиши мумкин. Шунингдек, бу турнирдаги ғолиблик унга йил охирида Гукешга қарши Жаҳон тожи учун баҳс ўтказиш имконини беради. Ўша баҳс иштирокчилари учун эса 1 миллион доллардан ортиқ мукофот кафолатланган.
Фото: Michal Walusza / FIDE
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнирининг 13-турида нидерландиялик Аниш Гири билан дуранг ўйнади ва мусобақада муддатидан олдин ғолибликни расмийлаштирди.
Кипрда бўлиб ўтаётган Номзодлар турнирининг соврин жамғармаси 700 минг еврони ташкил этади.
Синдоровга биринчи ўрин учун 70 минг евро миқдорида мукофот пули кафолатланган. Шунингдек, барча шахматчиларга қўлга киритилган ҳар ярим очко учун 5000 евродан берилиши кўзда тутилган. Синдоров эса ҳозиргача тўпланган очколари орқали яна 95 минг евро ишлаб топган.
Яъни у ҳозирнинг ўзида камида 165 минг еврони нақд қилиб қўйишга улгурди. У бугун Вей Ига қарши сўнгги партияда дуранг ёки ғалаба қайд этишига қараб, унинг ҳисобига мос равишда яна 5 ёки 10 минг доллар қўшилади.
Синдоров бу турнир ғолиби бўлиш орқали йил охирида Жаҳон тожи учун амалдаги чемпион, ҳиндистонлик Доммаражу Гукешга қарши баҳсда қатнашиш имконига эга бўлди. Мазкур баҳсдаги натижа қандай бўлишидан қатъи назар шахматчилар кафолатланган катта мукофот пулига эга бўлади. Хусусан, Гукеш ўтган сафар чемпионлик учун 1 млн 350 минг доллар олганди. Унга ютқазган Дин Лирен эса 1 млн 150 минг доллар билан мукофотланганди.
Бу эса Жавоҳир Синдоров аллақачон долларларда миллионлик маррадан ўтиб бўлганини англатади.
Қайд этиш керакки, Жавоҳир ва Гукеш бунгача классик партияда уч марта тўқнаш келишган. Шундан иккитасида Синдоров ғалаба қозонган, биттасида эса дуранг қайд этилган.
Гукеш эса ҳозир яхши спорт формасида эмас, у март ойида Прагада бўлиб ўтган турнирда 9 партиядан фақат биттасида ғалаба қозониб, сўнгги ўринлардан бирини эгаллаганди.
Мавзуга оид
16:31
“Ғурурланаман, сен қаҳрамонимизсан” — Шавкат Мирзиёев Жавоҳир Синдоровни шахсан табриклади
21:27 / 14.04.2026
Тарихий ғалаба. Жавоҳир Синдоров Номзодлар турнири ғолиби!
17:05 / 13.04.2026
«Балки Counter-Strike ҳам ўйнарман» – Синдоров дам олиш кунини қандай ўтказиши ҳақида
18:36 / 12.04.2026