Иқтисодиёт | 07:49 / 28.10.2025
8598
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ рейтинги: 2026 йилда дунёнинг энг йирик иқтисодиётлари

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг октябр ойидаги ҳисоботига кўра, 2026 йилда жаҳон иқтисодиёти эҳтиёткор ўсиш ва ортиб бораётган ноаниқлик даврига кириши кутиляпти.

Фото: Bloomberg

Ташкилот таъкидлашича, жаҳон тараққиёти фрагментациянинг кучайиши ва протекционизмнинг ўсиши фонида секинлашмоқда. Асосий хавфлар қаторида — технология компаниялари акцияларининг эҳтимолий қайта баҳоланиши ва давлат институтлари мустақиллигининг сусайиши, бу эса иқтисодий сиёсат сифатини издан чиқариши мумкин.

Рейтинг ЯИМнинг амалдаги АҚШ долларидаги номинал қийматларини ҳисобга олади ва ҳар бир иқтисодиётнинг нисбий улушини акс эттиради.

АҚШ — дунёнинг энг йирик иқтисодиёти. Юз йилдан ортиқ вақт давомида Қўшма Штатлар ЯИМ бўйича дунёда биринчи ўринни сақлаб келмоқда ва, эҳтимол, яқин ўн йилликларда ҳам етакчи бўлиб қолади. 2026 йилда Америкa иқтисодиёти ХВЖ баҳосига кўра 31,8 трлн долларга етади — бу Хитой (2-ўрин), Германия (3-ўрин) ва Ҳиндистон (4-ўрин) ЯИМ умумий йиғиндисига яқин кўрсаткич.

Хитой 20,7 трлн долларлик ЯИМ прогнoзи билан иккинчи ўринни сақлаб қолади — бу АҚШдан 35 фоизга кам, аммо учинчи поғонадаги Германиядан деярли уч баробар кўп. Бироқ Хитой иқтисодиётига тузилмавий чекловлар — аҳолининг қариши, кўчмас мулк бозорининг сусайиши ва экспорт божлари ўсиши — босим ўтказмоқда. Шу омиллар ЯИМ ўсишини йиллик тахминан 4 фоиз атрофигача, сўнгги қирқ йилдаги энг паст даражагача секинлаштиради.

Ҳиндистон (4,5 трлн доллар) ички талаб ҳисобига тўртинчи позицияни мустаҳкамлаб, Японияни ортда қолдиради. Рўйхатда Индонезия ва Туркия ҳам юқорига кўтарилмоқда — бу демографик устунликлар ва ўрта даражадаги ривожланишга эга иқтисодлардаги ислоҳотларни акс эттиради.

Россия ХВЖ маълумотларига кўра 2,5 трлн долларлик ЯИМ прогнози билан рейтингда тўққизинчи ўринни эгаллайди.

Осия дунёнинг энг йирик иқтисодий минтақасига айланади. Хитой, Япония ва Ҳиндистон ҳисобига Осиё жами ЯИМ бўйича илк бор Шимолий Америкадан ўтади. Учинчи ўринда — Европа, ундан кейин Яқин Шарқ, Жанубий Америка, Африка ва, ниҳоят, Океания бўлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид