Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон уруши таъсири ва нақдсиз тўлов мантиқсизликлари — Беҳзод Ҳошимов билан суҳбат
“Йирик суммалардаги олди-сотдиларни нақдсиз шаклга ўтказишни тушуниш мумкиндир, лекин айрим маиший товарларни нақд пулга сотиб олиб бўлмаслиги мантиғини тушуна олмадим. Бу чеклов – иқтисодиёт учун улкан харажат дегани, бу харажат эвазига жамият нима олади?”
Эрон уруши фонидаги иқтисодий беқарорлик ва нархларнинг тебраниши, Ўзбекистонда нақдсиз тўлов тизимига ўтилиши ва аҳоли даромадлари.
Kun.uz мухбири ушбу иқтисодий мавзуларни Абу Дабидаги Ню Йорк университети профессори Беҳзод Ҳошимов билан муҳокама қилди.
Суҳбатни тўлиқ шаклда видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Қуйида иқтисодчининг 1 апрелдан кучга кирган нақдсиз тўлов талаблари юзасидан билдирган оид фикрлари келтириб ўтилади.
“Эвазига нима оламиз?”
— Мен бу чоранинг мантиғини тушунмаяпман. Одамлар ёқилғи сотиб олиш учун нақд пулини мажбуран банк ҳисобларига қўйиши керак бўляпти. Бу – вақт оладиган нарса. Яъни сиз нақд пулингизни картага тушириш учун нафақат комиссия тўлаш орқали, балки вақт сарфлаш орқали ҳам харажат қиласиз.
Нақд пулни банкоматга солгани учун пул олиш – менимча, уникал, ўзбекча эксперимент бўлса керак. Мен камдан кам кўрганман бу нарсани. Беш-олтита мамлакатда банкоматга нақд пул киритганман, лекин Ўзбекистондан бошқа жойда бунинг учун комиссия олишганини кўрмаганман.
Асосий масала шундаки, биз бу харажат эвазига нима оламиз, фойдаси нимада деган саволга мен жавоб топа олмаяпман. Миллионлаб одам ёқилғи шохобчасига боришдан олдин қўлидаги пулини картага тушириб олиши керак бўляпти. Бу – жамият учун ҳам, инсонлар учун ҳам, иқтисодиёт учун ҳам вақт нуқтайи назаридан катта харажат. Яъни одамнинг қимматли вақти кетади, бу вақтнинг ҳам нархи мавжуд. Бу – жуда катта иқтисодий шикаст. Лекин шунга яраша бирор фойда бўлса, буни тушуниш мумкин. Биз жамият сифатида кўплаб қоидалар киритишимиз, натижада иқтисодий шикаст бўлиши мумкин, лекин ўша қоидадан келадиган фойда ва йўқотиш таросига қўйилса, фойда анча устун келади. Айрим маиший товарларга нисбатан нақдсиз тўлов қоидасига келганда эса, биз шунча йўқотишлар эвазига нима олишимизга тушуна олмаяпман.
Давлат картага пул киритишдаги комиссияга аралаша олмаслиги, банкларни нол комиссия ўрнатишга мажбурламаслиги тўғри бўлиши мумкин, чунки бу – бозор. Лекин инсонларнинг имкониятларини чеклашда мантиқ қанақа? Инсон қўлидаги нақд пулига маиший нарсалар сотиб ололмайдиган қилиб қўйилди.
Жиноий манбалардан топилган пулни легаллаштиришга қарши чора деган аргумент мавжуд. Масалан, қайсидир бюрократ 50 минг доллар пора олди. Энди у ўша пулга бориб уй сотиб олиш имкони бўлмаслиги тўғридир. У олган порасини легаллаштиришини қийинлаштириш керак, тўғри. Лекин маиший, масалан бензин сотиб олишда нақд тўловни чеклашга мантиқни кўрмаяпман.
100 минг доллардан ошиқ транзакциялар ҳаммаси банк орқали бўлсин, хавфсизлик учун, ўша ноқонуний топилган пулларни легаллаштириш масаласи борлиги учун, бу тўғри. Лекин 55 минг сўмга бензин қуяётган амакини бориб, банкка бориб пулини солдириш билан нима ютамиз?
Ўзи аслида, нақдсиз тўлов нақд тўлашдан кўра қулайроқ: уни кўтариб юриш, ҳар сафар санаш, сотувчидан қайтим олиш каби ноқулайликлари йўқ. Лекин миллионлаб одам ана шу ноқулайликларга қарамай нақд пулда тўлов қилаётган экан, бунинг объектив сабаблари бор.
Масалан, Ўзбекистонда ҳозир даромад солиғи тўлайдиган инсонларнинг жами меҳнат ресурсларига нисбатини олсангиз, 30 фоиз ҳам эмас-да. Тахминан 70 фоиз меҳнатга лаёқатли инсоннинг даромадлари расмий эмас. Кўпчилик нақдга ишлайди: кимдир кунбай нимадир ишлайди, кимдир репетиторлик қилиб нақд пул олади ва ҳоказо.
Ёки иккинчи нарса: унутмаслик керак, Ўзбекистон чет элдан келаётган пулларга жуда ҳам боғлиқ мамлакат. 2025 йилда хориждаги ватандошлар Ўзбекистонга 19 миллиард доллар пул юборишди. Буни бюджетимиз ёки ялпи ички маҳсулотимиз таққослаганда ҳам, жуда катта рақам. 19 миллиард долларнинг асосий қисми – нақд шаклда келган. Масалан, ўғли Россияда ёки Кореяда ишлайдиган ота: у жўнатилган пулни олиб, долларни сўмга алмаштириб, машинасига бензин қуймоқчи... Яъни бундай одамлар кўплиги учун бизда ҳали ҳам кенг миқёсда нақд пул ишлатиляпти.
Лекин дейлик, Ўзбекистонда ойлик оладиган инсон, ойлиги картасига тушади, у шундоқ ҳам бундан олдин нақдсиз тўлов қиларди. Яъни унга нақдсиз тўлов ўзи қулай эди. Уни унга даъват қилиш керак эмасди нақдсиз тўловга ўтгин деб. Масалан, мен кўпинча нақдсиз тўловни яхши кўраман. Камдан кам ўзимда нақд пул олиб юраман. Лекин бошқа кўпчилик ҳам мавжуд.
Давлат ишида ишлайдиганлар ўзидан бошқача ҳаёт кечираётган миллионлаб инсонлар мавжудлиги ҳақида ҳам фикрлашлари керак деб ўйлайман-да шу нарсада. Яъни улар ўйлашадики: “ҳа, ҳамма бизга ўхшаган, ойлиги тушади картага, нимаси ноқулай, шундай QR-кодни қилиб тўлайсиз”, деб ўйлашади-да. Лекин қарашса, АЁҚШларда кўп нақд транзакциялар бўляпти. Ва улар айтишяптики, нимага унақа, келинглар, мажбуран уларни нақдсиз тизимга ўтказамиз, деб.
Қаранг, мана биз биламиз: QR-код орқали нақдсиз тўлов қулайроқ, тўғрими? Санаб ўтирмайсиз, кўтариб юрмайсиз, қайтим деган нарса йўқ ва ҳоказо... Аммо бизда жуда кўп транзакциялар нақд бўляптими, бу қўнғироқ бўлиши керак: нима бўляптики, одамлар нақд пул ишлатяпти? Яъни нимага ноқулай инструментни ишлатишяпти? Бунинг илдизига қараш ўрнига биз чопиб ташлаяпмиз-да, ўшани кўрмайлик ҳам, куймайлик ҳам деб...
Ўзбекистондаги катта фоиз инсонларда бу қулайликлар борлигига қарамасдан, қўлида нақд пул бор. Нима қилсак бўлади, деган саволнинг ўрнига, келинглар, уларга нақд пулни ишлатишни тақиқлаб қўямиз, дейишяпти. Ва яна қайтараман, мен яққол фойдасини кўрмаяпман. Зарари кўп – бу тушунарли, фойдаси нима деган саволга мен ҳали ҳам жавоб топа олмадим.
Агар яширин иқтисодиётни қисқартириш мақсад бўлса, бу – яширин иқтисодиётни камроқ кўрайлик, деган нарса. Биласизми, мана, камбағаллик ҳақида ҳам Ўзбекистонда шунақа-да. Мисол учун, Ўзбекистонда камбағаллик кўп, лекин у бизга кўринмайди, масалан Тошкентда. Мана, биздан анча бойроқ мамлакатларга борсангиз, кўчада тиланчилар кўп, уйсизлар кўп... Тошкентда эса, мисол учун, сал одамнинг кийими яхши бўлмаса, милиция олиб кетиб қолади. Лекин дунёнинг етакчи мамлакатлари пойтахтларида уйсиз қолган одам ўша шаҳар ҳокимияти тагида палаткада яшайверади.
Биз кўрмасликка ҳаракат қиламиз. Бизда муаммо бор: камбағал одамлар мавжуд. Лекин уни кўрмаймиз биз. Қанақа кўрмаймиз? Уларни ўша кўзимиздан йўқотамиз. Масалан, биздан 50 баробар бой мамлакатларда ҳам кўчада қанақадир камбағал одамларни кўрасиз. Тошкентда кўрмайсиз. Кўзимиздан йироқ қиламиз. Бу муаммо йўқ дегани эмас.
Айтайлик, уйингизда муаммо бор: уйни йиғиштириш керак, супуриш керак. Лекин агар гиламни кўтариб, супуриндини унинг тагига супуриб, гиламни ёпиб қўйсангиз, ўша нарса кўринмайди. Ҳа, кўринмайди, аслида эса муаммо йўқолгани йўқ: супуринди гиламнинг тагида чириб кетади... Лекин тўғри, масалан, кимдир уйга кирганида қараса, кўринмаслиги мумкин, чунки муаммони гиламнинг тагига супуриб, кўзга кўринмайдиган қилиб қўйганмиз.
Мен кўп нарсада шунақа деб ўйлайман. Рус тилида бир гап бор: “С глаз долой – из сердца вон” (кўздан нари – кўнгилдан нари) деган. Яъни кўзимга кўринмаса, юрагимга ҳам таъсир қилмайди, деган бир хато фикр-да бу. “Кўрмай ҳам, куймай ҳам”, дейди-ю ўзбекчада. Шунақароқ нарса қиляпмиз. Бензинда бўлаётган ўша нақд транзакцияларни кўрмасак, гўёки шу билан бизда яширин иқтисодиёт масаласи ҳал бўлгандек...
Ахир яширин иқтисодиётда манбаси бор одам бу чорадан энди айтмайди-ку: “Ҳа бўлди, энди бензинда картадан тўлашим керак, энди мен бориб ҳозир солиқни тўлайман”, демайди-ку. Унақа ишламайди-ку бу инструмент. Ёки нақд шаклда репетиторлик қиладиган ўқитувчи: “Бўлди энди, картада пулим бўлмаса, бензин қуёлмас эканман, шунинг учун 1 апрелдан фирма очиб расман ишлайман, одамлар менга нақдсиз тўласин” демайди-ку.
Биз “кўздан нари – кўнгилдан нари” дея, яширин иқтисодиётни ўлчаш воситаларидан бирини йўқотиб қўямиз. Яширин иқтисодиёт қанақа ўлчайди? Мана, мисол учун бензин харидида транзакцияларнинг неча фоизи нақд бўляпти. Демак, одамларнинг қўлида ҳали ҳам нақд бор. Ўша АЁҚШлардаги транзакциялар қанақадир маънода сизга барометр эди, қанча фоиз одамларнинг даромади нақдлиги борасида.
Мавзуга оид
09:00 / 05.04.2026
Нақдга битмас битимлар ва солиқдан норози санъаткорлар — ҳафта дайжести
17:56 / 04.04.2026
Россияда нақдсиз тўловларда оммавий узилиш кузатилди. Бу VPN'ларни блоклашга уриниш билан боғланмоқда
08:04 / 04.04.2026
Энг йирик иқтисодиётларда аҳоли жон бошига ЯИМ ўсиши - инфографика
07:20 / 27.03.2026