Жаҳон | 14:06 / 29.10.2025
2180
2 дақиқада ўқилади

НАТО Украинага қурол учун яна 15 млрд доллар ажратиши мумкин

НАТО янги PURL дастури доирасида Украинага 15 млрд долларлик америкалик қурол-яроғни йўналтириши мумкин, деди НАТОдаги АҚШ доимий вакили Мэттю Уитакер. Бу етказиб беришларни Вашингтоннинг алянс бўйича иттифоқчилари молиялаштиради.

Фото: nato.int

НАТО мамлакатлари PURL дастури бўйича Украина учун қурол харидига жорий йилда тахминан 2 млрд доллар ва 2026 йилда 12–15 млрд доллар ажратиши мумкин. Бу ҳақда НАТОдаги АҚШ доимий вакили Мэттю Уитакер 28 октябр куни Bloomberg Television телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

«Бизда яқин ойларда ажратиладиган тахминан 2 млрд доллар ёки ундан кўпроқ маблағ бор. Улар жуда тез тақдим этилишига умид қиламиз», — деди Уитакер PURL дастури ҳақида.

«Шундан сўнг, 2026 йилга киришимиз билан, асосийси барқарорлик бўлади: Украина мудофааси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга қуролларни харид қилишга керак бўладиган 12–15 млрд доллар бўлиши зарур», — дея қўшимча қилди НАТОдаги АҚШ доимий вакили.

Украинанинг устувор эҳтиёжлари рўйхати (Prioritised Ukraine Requirements List, PURL) 2025 йил июлидан амал қилади — бу НАТО ва президент Доналд Трамп ўртасидаги келишувга мувофиқ. Дастур доирасида алянс аъзолари ва унинг ҳамкорлари Киев томонидан тузилган рўйхатга таянган ҳолда АҚШдан Украина учун қурол сотиб олади ва тўлов қилади.

17 сентябр куни Володимир Зеленскийнинг айтишича, PURL дастури доирасида Украина аллақачон 2 млрд доллардан ортиқ маблағ олган, йил якунида эса 3–3,5 млрд долларга умид қиляпти. Ушбу маблағларга, жумладан, Patriot ҳаво мудофаа тизимлари ва HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун ракеталар харид қилинган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид