Спорт | 14:30 / 04.11.2025
6188
4 дақиқада ўқилади

Сербия Суперлигасида мураббий ўйин вақтида вафот этди

Младен Жижович 44 ёшда эди. У «Раднички» жамоаси бошқарувига келганига кўп вақт бўлмаганди.

Серб футболида фожиа рўй берди. Мамлакат Суперлигасининг 14-тури доирасида «Младост Лучани» ва Крагуевацнинг «Раднички 1923» жамоалари ўртасидаги ўйин вақтида меҳмонлар жамоаси бош мураббийи, босниялик мутахассис Младен Жижович вафот этди. Мураббий 44 ёшда эди.

Жижович биринчи бўлим ўрталарида ён чизиқ олдида турганида кутилмаганда йиқилиб тушган. Бу вақтда унинг шогирдлари 2:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Тиббиёт ходимлари ёрдамга шошилган ва мураббийни жонлантиришга ҳаракат қилган. Мураббий тез ёрдам машинасида олиб кетилган, аммо шифохонага кетишда унинг жони узилган.

Мураббий олиб кетилганидан кейин ўйин давом эттирилган, аммо 41-дақиқада барибир тўхтатилган, чунки футболчилар ва клублар ходимлари карахт аҳволда эди. Бу вақтда стадионга мураббийнинг вафоти ҳақида хабар етиб келганди. Айрим футболчилар даҳшатга тушиб, бошини чангаллаб қолган.

Novosti.rs хабарига кўра, мураббий ўйин куни кўнгил айнишидан шикоят қилган, бироқ ҳеч ким бунга аҳамият бермаган. Бундан ташқари, нашрнинг ёзишича, босниялик мутахассис стадионнинг ўзида жон бериб улгурганди. Шифокорлар ҳозирча ўлим сабабини айтишмаяпти, бироқ мураббийда юрак хуружи кузатилгани тахмин қилинмоқда.

Сербия аза тутмоқда

Жижовичнинг ўлими ҳақидаги хабар Сербия учун катта зарба бўлди – мамлакат қайғуда. Биринчи бўлиб рақиб жамоа устози Нешко Милованович ҳамдардлик билдирди.

«Уч фарзанд отасидан айрилди, бу жуда катта қайғу. У ажойиб мутахассис эди, лекин биринчи навбатда эркак ва ота эди. Жуда афсусдаман, ҳамдардлик билдираман», – деди Милованович.

Стадионда Жижовичнинг ўлими ҳақидаги хабар эълон қилинган пайтда олинган кадрда Нешко чуқур шок ҳолатига тушганини кўриш мумкин.

«Раднички» клуби ҳам мухлисларга шундай мурожаат қилди: «Афсус билан жамоатчиликка, мухлисларга ва барча дўстларга шуни маълум қиламизки, бугунги ўйин пайтида бизнинг Младен Жижович вафот этди.

Клубимиз нафақат буюк профессионални, балки биринчи навбатда яхши инсонни, дўстни ва спортчини йўқотди, у ўзининг билими, ғайрати ва олижаноблиги билан уни билганларнинг қалбида чуқур из қолдирди.

Унинг оила аъзолари, яқинлари ва футболга меҳр қўйган барчага чуқур таъзия изҳор этамиз. Жойинг жаннатда бўлсин, Младен».

Младен «Раднички» клуби бошқарувига атиги бир ой муқаддам келганди – у бу лавозимда Феджу Дудични алмаштирган. Жамоа янги бош мураббий билан эндигина икки ўйин ўтказганди, учинчиси эса фожиага айланди.

Жижовичнинг футболчилик фаолияти 1997 йилдан 2016 йилга қадар давом этган. У деярли бутун фаолиятини ватани Босния ва Герцеговинада ўтказган. Шунингдек, маълум муддат давомида (18 ўйин) Албаниянинг «Тирана» клуби сафида ўйнаган. 2009 йилда «Зрински Мостар» клуби билан Босния чемпионига айланган. Миллий жамоа сафида икки ўртоқлик ўйинида (2008 йилда Япония ва Озарбойжонга қарши) майдонга тушган.

Футболчилик карерасини якунлагач, Жижович маҳаллий «Радник», «Зрински Мостар», «Слобода» ва «Борац» клубларида, шунингдек, Шимолий Македония («Шкупи») ва Саудия Арабистонида («Ал-Ҳулуд» мураббий сифатида ишлади. Унинг Сербиядаги фаолияти жуда қисқа бўлди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев