Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Толибон”-Покистон: тўқнашувлар Марказий Осиёга қандай таъсир қилади?
“Толибон”, “Таҳрики Толибони Покистон” ва Покистон ҳукумати ўртасидаги зиддият Марказий Осиё хавфсизлиги ва минтақа давлатларининг турли лойиҳаларини секинлаштириши муқаррар. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар “Толибон”-Покистон ўртасидаги конфликтнинг Марказий Осиё ҳаётига таъсири хусусида батафсил сўз юритишди.
Покистон ва «Толибон» зиддияти Марказий Осиё хавфсизлик тизимига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
Камолиддин Раббимов: Агар конфликт мана шундай музлаб турадиган бўлса ёки ошиб борадиган бўлса, бу нафақат Марказий Осиёга, балки Марказий Евросиёга катта таъсир қилади. Биринчидан, глобал майдондаги энг катта тирашув — бу Америка-Хитой зиддияти. Бу тирашув борган сари секин-секин ошиб боряпти. Улар ўртасида гибрид кураш, тўқнашув аллақачон мавжуд, савдо-иқтисодий урушлар давом этмоқда. Хитойнинг асосий мақсади шундан иборатки, агар келажакда конфликт денгиз тарафида бўладиган бўлса, унга тинч, муқобил ва континент ичидан ўтадиган бир қанча параллел қуруқлик йўллари керак бўлади. Шу йўллардан бири Россия орқали, иккинчиси Қозоғистон орқали, учинчиси эса Марказий Осиё орқали амалга оширилади. Марказий Осиё йўлининг икки варианти мавжуд: бири транскаспий томонга, Эрон орқали, иккинчиси Афғонистон ва Покистон орқали дунё денгизларига чиқиш. Шу сабабли Афғонистонда тинчлик ва барқарорликнинг мавжудлиги Марказий Осиё ва Хитой учун жуда муҳим геосиёсий ҳамда геоиқтисодий кўрсаткич ҳисобланади. Бугун aфғонистонлик сиёсатчилардан Афғонистоннинг дўстлари кимлар деб сўрасангиз, улар биринчи ўринда Россия ва Ўзбекистонни айтади. Масалан, Афғонистон экспертлари ва блогерларнинг фикрларини кузатганимда, оддий кўчадаги одамлар ёки сиёсий доираларда биринчи дўст сифатида Россия ва иккинчиси Ўзбекистон тан олинади. Энди Афғонистондаги беқарорлик давом этса, бу авваламбор коллектив Ғарбга ёки Вашингтонга бонус бўлади. Бу эса Хитойнинг узоқ муддатли стратегик лойиҳаларини блоклаган бўлади. Мисол учун, Доналд Трамп Баграм ҳарбий базасини АҚШ ихтиёрига қайтариш масаласини бекорга кўтармади. Афғонистон шундай стратегик нуқтада жойлашган: бир томондан Хитой, иккинчи томондан Эрон, учинчиси Россия — яъни Американинг душманлари ўртасида. Шу сабабли Афғонистондан юқоридаги уч давлатга ҳам психологик ва ҳарбий-стратегик босим ўтказиш имкониятига эга. Олдин бу босим урушлар орқали амалга оширилган бўлса, ҳозир балки келишувлар орқали амалга оширилиши мумкин. Масалан, «Толибон» ҳам прагматик сиёсат юритади ва 20 йиллик урушдан кейин дипломатия билан жадал шуғулланяпти. Афғонистоннинг яна уруш ўчоғига айланиши турли лойиҳалар келажагини мураккаблаштиради. Авваламбор Ўзбекистоннинг транспорт ва логистика салоҳиятига салбий таъсир қилади. Тарихий жиҳатдан Ўзбекистон фақат шимолий коридор орқали Россияга чиқиш имкониятга эга. Шунинг учун ҳам янги йўналишлар керак: Қирғизистон орқали Хитойга боғланиш. Бу жараён кетяпти ва Худо хоҳласа тўхтамайди. Туркманистон ва Қозоғистон орқали бир томондан Каспийга, иккинчиси Эронга чиқиш. Бу ҳам мултимодал ва мураккаб жараён. Афғонистон орқали темирйўл қурилганида, бу энг арзон ва денгизга чиқишнинг қулай йўли бўлар эди. Лекин ҳозирги конфликт туфайли бу вариант ҳам мураккаблашган.
Исломхон Гаффаров: «Толибон» ва Покистон ўртасидаги зиддият даражасининг ортишини, Марказий Осиёга таъсири нуқтаи назаридан бир нечта муҳим лойиҳаларни кўриб чиқиш керак. Биринчи навбатда, трансафғон темирйўли, лекин бундан ташқари бошқа лойиҳалар ҳам бор. Масалан:
- TAPI газ қувури — Туркманистондан Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга ўтади. Агар ҳудудда уруш бўлиб турадиган бўлса, бу лойиҳа ҳам музлаб қолади.
- CASA-1000 лойиҳаси — электр энергияни Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудидан Афғонистон ва Покистон ҳудудига етказади. Бу лойиҳа ҳам ҳудуддаги урушлар сабабли тўхтаб қолиши мумкин.
- Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлиги концепцияси — сўнгги вақтларда Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган лойиҳа. Бу концепция тарихий йўқотилган боғлиқликни тиклашни мақсад қилган.
Аммо бу лойиҳаларни амалга ошириш бир қатор чақириқлар билан боғлиқ. Бир томондан, Ҳиндистон ва Покистон ўртасида тарихий қарама-қаршилик мавжуд. Шу билан бирга, Покистон ва Афғонистон ўртасида ҳам янги қарама-қаршиликлар юзага келган. Агар Жанубий Осиёнинг марказида — Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон ўртасида зиддият давом этса, бу концепцияни амалга оширишга тўсқинлик қилади. Энг катта хавф терроризм ва экстремизм ҳисобланади. Ҳозирги вақтда «Толибон» Афғонистон ҳудудида ўз давлатчилигини мустаҳкамлаш билан шуғулланмоқда. Жаҳон ҳамжамияти ва қўшни мамлакатларга ҳеч қандай шикоят билдирмаяпти, ғояларини экспорт қилмаяпти ва дўстона алоқаларни давом эттирмоқда. Аммо Афғонистонда ИШИД Хуросон, Таҳрики Толибони Тожикистон (ТТТ) ва Ансоруллоҳ каби гуруҳлар мавжуд. Улар Тожикистон ҳудудларига даъво билдиришга ҳаракат қилмоқда ва «Толибон»га ўхшаш ҳукумат тузиш ниятида. Бундай ҳаракатлар кучайиши Марказий Осиёга радикал ғояларни экспорт қилиши ва терроризм хавфини ошириши мумкин. Шу сабабли ҳудуддаги барқарорликни сақлаш ва халқаро лойиҳаларни амалга ошириш учун хавфсизликни таъминлаш жуда муҳим.
Сардор Раҳимов: Биринчи навбатда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фикрларига кўра, Афғонистон хавфсизлиги — бу Ўзбекистон хавфсизлиги. У шунингдек, бутун Марказий ва Жанубий Осиё минтақасининг барқарорлиги ва тараққиёти Афғонистон билан боғлиқлигини таъкидлаган. Шу нуқтаи назардан, Афғонистоннинг Ўзбекистон ва бутун минтақа учун қанчалик муҳимлиги очиқ-ойдин кўринади. Афғонистон транспорт ва трансафғон транспорт коридорлари орқали минтақавий алоқаларни ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга. Шу жумладан, энг муҳим йўналишлардан бири — Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темирйўли. Термиздан Мозори Шарифгача темирйўл қуриб бўлинган, лекин денгизга чиқиш имкониятини берувчи тўлиқ йўналиш ҳали охиригача амалга ошмаган. Яқинда «Толибон», Ўзбекистон ва Покистон ташқи ишлар вазирлари ушбу темирйўл бўйича уч томонлама битим имзолади. Бироқ чегара ҳудудларидаги кескинликлар бу “азалий орзу”ни амалга оширишни кечиктириши мумкин. Шу боис, ушбу темирйўлни ишга туширишнинг муҳим шарти — Афғонистон ва Покистоннинг тинчлиги ва барқарорлик ўрнатилиши. Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг боғланиши бутун дунё учун катта фойда келтиради. Масалан, Хитой ва Россия ҳам ўзининг жанубга чиқиш стратегиясини шу жараёнларда қўллаб-қувватлаяпти. Айниқса, Ғарбнинг санкциялар фонида Россия янги бозорларни изламоқда. Шунга қарамай, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги кескинликлар ва эҳтимолий уруш ҳаракатлари, ташқи кучларнинг аралашуви билан кучайиши мумкин. Шу сабабли барқарорликни таъминлаш ва темирйўл лойиҳасини амалга ошириш минтақавий ҳамкорлик ва тинчликка боғлиқ.
Суҳбатни батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
12:12
Венада “Марказий Осиё – Шимолий Европа” форматидаги биринчи учрашув ўтказилди
21:23 / 04.12.2025
Афғонистонда 13 ёшли бола қариндошларининг қотилини 80 000 томошабин олдида қатл қилди
21:09 / 04.12.2025
Биринчи «Марказий Осиё – Япония» саммити Токиода ўтказилади
16:03 / 04.12.2025