Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
РФ мудофаа вазири ядровий синовларга тайёргарликни бошлашни таклиф этди
Россия давлат ОАВ РФ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ёзувини эълон қилди. Унда мамлакат мудофаа вазири Путинга АҚШ ҳаракатларига жавобан Новая Земля архипелагида тўлақонли ядровий синовларга тайёргарликни бошлашни таклиф этди.
РФ мудофаа вазири Андрей Белоусов Новая Земля архипелагида тўлақонли ядровий синовларга тайёргарликни бошлашни таклиф этди. “Тўлақонли ядровий синовларга тайёргарликни дарҳол бошлаш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман”, — деди у РФ президенти Владимир Путин доимий аъзолар билан ўтказган Хавфсизлик кенгаши мажлисида.
Шу билан бирга, Белоусовнинг таъкидлашича, АҚШ октябр ойида Global Tender – 2025 машқларини ўтказиб, РФга нисбатан превентив ядровий зарбани машқ қилган. Унинг қўшимча қилишича, 2025 йилнинг охирида АҚШ 5500 км масофага эга гипертовушли ракеталар билан жиҳозланган Dark Eagle мажмуасини қўшинлар ихтиёрига қабул қилади. Уларни Германияда жойлаштириш режалаштирилган, у ердан Марказий Россиягача учиш вақти 6–7 дақиқани ташкил этади, деди вазир.
Белоусовга кўра, Вашингтоннинг ҳаракатлари АҚШнинг стратегик ҳужумкор қуролларини фаол равишда кўпайтириб бораётганини кўрсатади. Шунингдек, АҚШнинг ядровий синовлар бўйича мораторийдан воз кечиши мумкинлиги глобал стратегик барқарорлик тизимини бузиш сари қадам бўлиши эҳтимоли билдирилди.
Ўз навбатида ФСБ директори Александр Бортников АҚШ ядровий синовлари ҳақида гапирар экан, ўз идорасига “Вашингтон режаларини ўрганиш” учун вақт беришни сўради.
Натижада Владимир Путин “қўшимча маълумот тўплаш” ва “ядровий қурол синовларига тайёргарлик ишларини бошлаш имконияти бўйича келишилган таклифлар киритиш”ни топширди. Унинг сўзларига кўра, агар АҚШ ядровий синовлар ўтказса, Россия “адекват жавоб чоралари”ни кўриши керак бўлади.
“Агентство” нашри Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ёзувини АҚШ президенти Доналд Трамп учун “саҳналаштирилган” спектакл, деб атади. Нашрга кўра, Трамп аввал Россия президентининг олдинги ядровий ишораларини ёқламай қўйган, кейин эса ядровий синовларни қайта бошлаш тўғрисида ғалати кўрсатма берган.
Октябр ойи охирида Трамп бошқа мамлакатлар ҳам шунга ўхшаш синовлар ўтказаётганини айтиб, Пентагонга ядровий қурол синовларини бошлашни буюргани ҳақида маълум қилган эди. “Россия синовлар ўтказмоқда, Хитой синовлар ўтказмоқда, лекин бу ҳақда айтмайди. Биз ҳам синовлар ўтказамиз, чунки улар ҳам, бошқалар ҳам ўтказмоқда. Албатта, Шимолий Корея синов ўтказади. Покистон ҳам синов ўтказади”, — деган эди у.
Трампнинг бу қадами Путиннинг ядровий қурилмаларга эга “Буревесник” ракетаcи ва “Посейдон” сувости аппарати синовлари ҳақидаги баёнотларига жавоб бўлди. Шундан сўнг Оқ уй раҳбари Путинга “тўрт йилга яқин давом этаётган урушни тугатиш билан шуғулланса бўларди, ракета синовлари билан эмас”, деган эди.
Мавзуга оид
08:40 / 06.06.2026
Кремлда Путин ва Шрёдер ўртасида учрашув бўлиб ўтди
22:29 / 05.06.2026
Россия яна урушни танлади — Зеленский Путинга жавоб берди
20:55 / 05.06.2026
Россия минтақадаги шунчаки қўшни эмас, вақт синовидан ўтган стратегик шерик ва иттифоқчи — Шавкат Мирзиёев
20:34 / 05.06.2026