Жаҳон | 09:13 / 07.11.2025
2158
2 дақиқада ўқилади

Волгоград НҚЗ иши тўхтади: дронлар CDU ва гидрокрекинг қурилмасини шикастлади

Reuters’га кўра, “Лукойл” таркибидаги заводга кечаси дронлар ҳужум қилди — аввалги қайта ишлаш ва гидрокрекинг қувурлари зарар кўрди. 24 қаватли уй ҳам шикастланган, 48 ёшли фуқаро ҳалок бўлди. 2024 йилда завод 13,7 млн тонна нефт қайта ишлаган (РФ ҳажмининг 5,1 фоизи).

Фото: AP

Волгоградда Украина дронлари зарбасидан сўнг “Лукойл” нефт концерни таркибига кирадиган нефтни қайта ишлаш заводи ишини тўхтатди. Ҳужум натижасида икки қурилма шикастланди — кунига 9100 тонна (66 700 баррел) қувватга эга нефтни биринчи қайта ишлаш қурилмаси ва кунига 11 минг тонна қувватли гидрокрекинг қурилмаси, деб ёзади 6 ноябр куни Reuters уч хабардор манбага таяниб.

Агентлик суҳбатдошларидан бири анонимлик шартида маълум қилишича, биринчи қайта ишлаш қурилмасида ёнғин чиққан, гидрокрекинг қурилмаси ҳам шикастланган. “Лукойл” матбуот хизмати Reuters’нинг сўровига жавоб бермаган.

Аввалроқ Волгоград вилояти губернатори Андрей Бочаровнинг айтишича, Украина дронларининг кечаги тунги ҳужуми оқибатида Волгоградда 24 қаватли турар жой биносига шикаст етган, шунингдек Красноармейский тумани саноат зонаси ҳудудида ёнғин келиб чиққан. Ҳужум натижасида 48 ёшли эркак ҳалок бўлган.

Волгоградда “ЛУКОЙЛ-Волгограднефтепереработка” корхонаси жойлашган — у РФнинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошлангандан буён бир неча бор украин дронлари ҳужумларига учраган. Reuters’нинг қайд этишича, 2024 йилда Волгоград НҚЗ 13,7 млн тонна нефтни қайта ишлаган — бу Россия умумий нефт қайта ишлаш ҳажмининг 5,1 фоизига тўғри келади.

Октябр ойи охирида Украина расмийлари йил бошидан бери Россиянинг нефт объектларига 160 та самарали зарба берилганини маълум қилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид