Спорт | 19:16 / 18.11.2025
9608
5 дақиқада ўқилади

Усик энди мутлақ жаҳон чемпиони эмас. У WBO камарини жангсиз топширди

Украиналик боксчи Олександр Усик ўта оғир вазн тоифасида WBO чемпионлик камарини ўз ихтиёри билан топширганидан сўнг мутлақ жаҳон чемпиони мақомини йўқотди.

Фото: Getty Images

Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) баёнотида таъкидлашича, Усик «ўз қарорини яхшилаб ўйлаб кўрган ва чемпионликдан воз кечиш фойдасига танлов қилган». Бундай қадамнинг сабаби ошкор этилмаяпти.

WBO камарини йўқотганига қарамай, Усик жорий йил июлида Лондондаги «Уэмбли» стадионида Даниэл Дюбуани мағлубиятга учратиш эвазига қўлга киритилган WBA, WBC ва IBF чемпионлик камарлари соҳиби бўлиб қолмоқда. Ўшанда у иккинчи марта супероғир вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпионига айланганди.

Усик 2021 йил сентябр ойида Энтони Жошуани мағлуб этиб, WBO йўналиши бўйича жаҳон чемпиони бўлган. Ўшандан бери у камарни беш марта муваффақиятли ҳимоя қилди ва ҳар сафар ғалаба қозонди.

Бу вақт оралиғида Усик Дюбуа ҳамда британиялик яна бир боксчи Тайсон Фюри билан икки мартадан жанг ўтказиб, ўз авлодининг энг оғир вазн тоифасидаги энг муваффақиятли вакилларидан бири сифатидаги мақомини мустаҳкамлади. 2024 йил майида, Фюрини иккинчи бор мағлуб этганида, у барча тўрт версия (WBO, WBA, WBC ва IBF) бўйича мутлақ жаҳон чемпионига айланганди.

Беш ҳафта ўтгач, у камарни мажбурий ҳимоя қилишдан бош тортиб, ўз ихтиёри билан IBF камаридан воз кечганди. Бироқ бу камар ҳозирча унинг ихтиёрида вақтинча турибди. Энди Усик WBO камаридан ҳам воз кечди – шунинг учун унинг мутлақ чемпионлик мақомини расман йўқотди.

Усик нима учун титулдан воз кечган?

WBO регламентига кўра, Усикнинг кейинги рақиби янги зеландиялик Жозеф Паркер бўлиши керак эди.

Аммо украиналик спортчи белидаги жароҳати туфайли жангни кейинроққа қолдиришни сўраган.

Шунда ташкилот Паркерга вақтинчалик титул учун британиялик Фабио Уордлига қарши рингга чиқишга рухсат берган. Бу жангда кутилмаганда Паркер мағлубияти учради ва вақтинча чемпионлик Уордлига ўтди.

Шундан кейин Усик янги даъвогарга қарши ҳимоя жангини шу йил сентябр ойи охиригача ўтказиши керак бўлиб қолди. Аммо бу дедлайн кечиктирилди, музокаралар эса тикланмади.

Фабио Уордли ким ва нима учун у чемпион бўлди?

Фабио Уордли бокс билан фақат 20 ёшида шуғулланишни бошлаган

30 ёшли британиялик Уордли – ноодатий ўтмишга эга боксчи. У боксга фақат 20 ёшида келган ва олимпия тизимидан эмас, ҳаваскор жанглар орқали ўтган.

Профессионал рингда у 21 жанг ўтказган, аммо 30 ёшида ҳақиқий сенсация кўтарди: 11-раундда Жозеф Паркерни мағлуб этиб, вақтинча WBO чемпиони бўлиб олди ва автоматик равишда Усик билан жанг ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Усик камарни бўш қолдирганидан кейин, WBO Уордлининг мақомини тўлақонли чемпион даражасига кўтариши керак. Бу борада расмий маълумот берилмади, аммо промоутер Фрэнк Уоррен бу вақт масаласи эканига ишончи комил.

«Британияда супероғир вазн тоифасида янги жаҳон чемпиони ва ушбу спорт турининг янги юлдузи бор», – дея ёзди у Х ижтимоий тармоғида. «Бу менинг боксдаги 45 йиллик фаолиятимдаги энг ақл бовар қилмас воқеалардан бири. Фабио Уордли учун эса бу фақат бошланиши», – дея қўшимча қилган у.

Бу Усик учун нимани англатади?

Усик – 2012 йилги олимпия чемпиони ва замонавий бокс тарихида супероғир вазн тоифасидаги биринчи мутлақ жаҳон чемпиони

Олександр Усик энди мутлақ чемпион эмас, аммо уч титул эгаси бўлиб қолаверади: WBA, WBC ва IBF.

У ҳали ҳам супероғир вазн тоифасидаги асосий фигура бўлиб қолмоқда, WBO камаридан воз кечишни эса кўпчилик бўлажак катта жанглар олдидан стратегик қадам сифатида кўрмоқда.

«WBO икки тоифада ҳали ҳеч ким мағлуб этмаган жаҳон чемпиони Олександр Усикка чуқур ҳурмат, ҳайрат ва миннатдорчилик билдиради», – деди ушбу ташкилот раҳбари Густаво Оливери. Шунингдек, у украиналик боксчини «чемпионлар чемпиони» деб атади.

WBO, шунингдек, «Усик учун эшиклари доимо очиқ қолиши»ни билдирди. «Унинг жамоаси таъкидлаганидек, бу хайрлашув эмас, балки ҳурмат юзасидан танаффус», – дейилади WBO баёнотида.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид