Жамият | 08:08 / 19.11.2025
9064
2 дақиқада ўқилади

Ховос туманида ИИБнинг икки тезкор ходими пора олаётганда ушланди

Сирдарё вилояти Ховос тумани Ички ишлар бўлими Тезкор-қидирув хизматида фаолият юритувчи подполковник ва майор унвонидаги икки катта тезкор ходим гумон қилинувчилардан пора талаб қилганлиги айби билан ушланди. Улар 11 млн сўмни тамагирлик йўли билан олган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Фото: ДХХ

Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳуқуқий асослар мустаҳкамланишига қарамай, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ҳам қонунбузарлик ҳолатлари учраб турибди.

Жорий йил октябр ойида Ховос туманида боғдорчилик билан шуғулланувчи МЧЖ дала майдонидан полиэтилен целлофан ўғирланиши бўйича туман ИИБга мурожаат келиб тушган.

Шундан сўнг ИИБ Тезкор-қидирув хизматидаги подполковник ва майор унвонидаги икки катта тезкор ходим ушбу ҳолатда ўғирликда гумон қилиб 4 нафар фуқарони мажбурий тарзда ИИБга олиб келган. Улар фуқароларни қамаб юбориш билан қўрқитиб, ишни “босди-босди” қилиш эвазига 55 млн сўм талаб қилган. Кейинчалик эса “зарарни қоплаш” баҳонасида 24 млн сўм олгани айтилмоқда.

Шунингдек, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатмаслик, “қамоқ” эҳтиёт чорасини қўлламаслик ва ҳужжатларни маъмурий ишга айлантириб судга юбориш эвазига қўшимча 11 млн сўм талаб қилинган.

Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушбу тезкор ходимлар тамагирлик йўли билан 11 млн сўмни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в”, “г” бандлари (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид