Ўзбекистон | 10:15 / 21.11.2025
2074
3 дақиқада ўқилади

Полша инвесторлари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторига кириб келмоқда

Ноябр ойининг сўнгги ҳафтасида биринчи Ўзбекистон–Полша ишчи гуруҳи йиғилишида иштирок этиш учун Полша қишлоқ хўжалиги вазири Стефан Краевский бошчилигидаги бизнес делегацияси ташриф буюради. Ташриф доирасида G2B ва B2B форматда учрашувлар, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш ҳамда Agro Expo Uzbekistan халқаро кўргазмаси доирасида Полша миллий павилони тақдимоти режалаштирилган.

Фото: Дунё

“Дунё” АА мухбири хабар беришича, ноябр ойи сўнгги ҳафтасида ўтказиладиган биринчи Ўзбекистон–Полша ишчи гуруҳи йиғилишида иштирок этиш учун Полшанинг бизнес доираларидан иборат делегацияси мамлакатга ташриф буюради.

Ушбу ташрифнинг ташкилий ва мазмун жиҳатларини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистоннинг Полшадаги элчихонаси дипломатлари Полша Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқларни ривожлантириш вазирлиги котиби Яцек Черняк билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Яцек Черняк Полша учун Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги муҳим ва истиқболли ҳамкор сифатида кўришаётганини таъкидлади. У мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолар экан, мазкур ташриф икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришига умид билдирди.

Ташриф доирасида Польша Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқларни ривожлантириш вазири Стефан Краевский бошчилигидаги бизнес делегацияси иштирокида G2B ва B2B форматда учрашувлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистоннинг Варшавадаги элчихонаси ишлаб чиққан дастурга кўра, Стефан Краевский ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўртасида учрашув ўтказилиши белгиланган. Мазкур мулоқотда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ишлар, шу жумладан, инвестициявий лойиҳалар, агротехника ва агросаноат кооперацияси йўналишларидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама этилади.

Делегация аъзолари шу йил 26–28 ноябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Agro Expo Uzbekistan халқаро кўргазмасида Полша миллий павилони очилишида ҳам иштирок этади. Ушбу кўргазмада Полшанинг 19 та етакчи компанияси қишлоқ хўжалиги техникаси, қайта ишлаш ускуналари, уруғчилик ва озуқа базасига оид ечимларини тақдим этиши режалаштирилган.

Шунингдек, Полша вакиллари белгиланган дастур доирасида деҳқончилик, чорвачилик, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш, қанд лавлаги ва шакар ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича етакчи корхоналар мутахассислари билан учрашувлар ўтказади. Мазкур мулоқотлар орқали Полша инвесторларининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторига кириб келиши, қўшма корхоналар ташкил этиш ва узоқ муддатли шериклик лойиҳаларини амалга ошириш учун янги имкониятлар очилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид