Ўзбекистон | 13:10 / 25.11.2025
901
2 дақиқада ўқилади

Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби янгидан белгилаб қўйилди

Ҳукумат қарори билан “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Унга кўра, дори воситалари давлат рўйхатидан умумий тартибда ва тан олиш йўли билан ўтказилади ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси 5 йил муддатга берилади.

Фото: Shutterstock

Ҳукумат қарори (738-сон, 24.11.2025 й.) билан “Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, дори воситалари давлат рўйхатидан икки хил тартибда ўтказилади:

  • умумий тартибда;
  • тан олиш (recognition) йўли билан.

Қуйидагилар давлат рўйхатидан ўтказилиши белгиланган:

  • дори воситалари;
  • Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг янги комбинациялари;
  • илгари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган, лекин бошқача дори шаклларида, дозаларда ёки бошқа ишлаб чиқарувчи томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари;
  • илгари Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган, тури, сифат таркиби ва (ёки) миқдорий таркиби, ҳужайра линиясининг биологик хусусиятлари ва бошқа хусусиятлари ўзгарган ҳужайра технологияси асосида ишлаб чиқарилган биотехнология дори воситалари.

Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш натижаларига кўра, амал қилиш муддати 5 йил бўлган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномаси берилади.

“Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” давлат муассасаси тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар давлат реестрини юритади.

Давлат реестри Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Марказнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилиб, омма учун очиқ тарзда эълон қилинади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид