Жаҳон | 12:25 / 26.11.2025
1144
3 дақиқада ўқилади

Reuters: Федун «Лукойл»даги 10 фоизлик улушини компаниянинг ўзига сотди

«Лукойл»нинг собиқ вице-президенти Леонид Федун 2025 йил бошида ўз улушини компаниянинг ўзига сотган. Бу ҳақда сешанба, 25 ноябр куни Reuters агентлиги уч манбага таяниб хабар берди. Улардан иккисининг таъкидлашича, битим 2025 йил бошида амалга оширилган.

Леонид Федун Фото: Getty Images

Қайд этилишича, Федун «Лукойл»да 10 фоиз миқдоридаги улушга эга эди. Reuters ҳисоб-китобларига кўра, ушбу активларнинг бозор қиймати 7 млрд АҚШ долларига (қайта ҳисоб-китобда 6,1 млрд евро) тенг. Нашр маълумотларига кўра, харидор сифатида «Лукойл»нинг ўзи чиққан.

69 ёшли тадбиркор Леонид Федун Украинада туғилган, аммо ҳозирда Монакода яшайди. 1996 йилда у «Лукойл» вице-президенти лавозимини эгаллаган ва 2022 йил ёзида, Россиянинг Украинага тўлиқ масштабли ҳарбий ҳужуми бошлангандан кўп ўтмай, бу лавозимни тарк этган. Компания ўша пайтда маълум қилишича, Федуннинг кетиш қарори «нафақа ёшига етгани ва оилавий сабаблар» билан изоҳланган.

Bloomberg маълумотларига кўра, Россия компаниялари орасида халқаро бозорда энг кенг намоён бўлгани айнан «Лукойл» ҳисобланади. Россиянинг бу нефт гиганти Европадаги бир қатор нефтни қайта ишлаш заводларида улушларга эга, шунингдек Ироқдан тортиб Қозоғистонгача бўлган ҳудудлардаги нефт конларида ҳам сезиларли улушини сақлаб турибди. Компания бренди АҚШдан Белгия ва Руминиягача бўлган ҳудудлардаги АЁҚШ (автоёнилғи станциялари) орқали ҳам намоён бўлиб келмоқда.

Россиянинг «Лукойл» ва «Роснефть» нефт қазиб олувчи компаниялари, шунингдек уларнинг 34 та «шуъба тузилма»си (филиал ва тармоқлари) шу йил октябр ойида Россиянинг Украинага қарши уруши давом этаётгани сабабли, АҚШ ва Буюк Британия санкциялари остига тушган эди.

Шундан сўнг «Лукойл» ўзининг хориждаги активларини сотишга қарор қилди. Уларни харид қилишга илк даъвогар сифатида Швейцариянинг Gunvor компанияси чиқди, унинг асосчиларидан бири Россия президенти Владимир Путиннинг яқин дўсти Геннадий Тимченко ҳисобланади. Бироқ Вашингтон Gunvor’нинг Москва билан алоқаларига ишора қилиб, бу компанияга Украинада уруш тўхтатилмагунча бизнес юритиш учун лицензия бермасликка қарор қилган ва битимни тўсиб қўйган.

17 ноябр куни Reuters агентлиги хабарига кўра, «Лукойл»нинг айрим хорижий активларини сотиб олиш имкониятини энди АҚШнинг Chevron нефт компанияси кўриб чиқмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид