Жаҳон | 11:12 / 28.11.2025
2372
6 дақиқада ўқилади

Дунёдаги урушлар ва Ўзбекистон: “Геосиёсат”да талабалар билан суҳбат

Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида долзарб мавзулар юзасидан одатда тажрибали сиёсий таҳлилчилар фикр алмашади. Бироқ дастурнинг навбатдаги сонига ноодатий ёндашилди: унда халқаро сиёсатда кечаётган жараёнлар ҳақида олийгоҳ талабалари ўз қарашларини билдирди.

Иштирокчилар – Тошкент давлат шарқшунослик университети талабалари Сабина Латипова ва Ғайрат Махмарайимов ҳамда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси талабалари Улуғбек Турғунов ва Азамат Раҳимов бўлишди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Улар Эроннинг Яқин Шарқдаги таъсири, Россия–Украина уруши ва Афғонистондаги “Толибон” ҳокимияти ҳақида сўз юритишди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалар иштироки юзасидан Kun.uz таклифини рад этди.

Яқин Шарқда Эрон прокси гуруҳлари муваффақиятсизликка учрадими?

Ғайрат Махмарайимов: Эроннинг прокси гуруҳлари 1979 йилги инқилобдан кейин шакллана бошлаган ва инқилобни минтақада ёйиш, Эрон манфаатларини ҳимоя қилиш мақсади билан боғлиқ. Бу гуруҳлар бевосита Эрон томонидан қуроллантирилган, молиялаштирилган ва тайёрланган. Масалан, “Ҳизбуллоҳ”, “Катаиб Ҳизбуллоҳ”, шунингдек, Афғонистондаги “Фотимиён” каби тузилмалар шулар жумласидан. Бундай гуруҳлар нафақат Яқин Шарқ, балки Афғонистон, Покистон, шунингдек, ҳатто Саудия Арабистони ичкарисида ҳам ёйилган.

Прокси гуруҳлар орқали юритиладиган урушлар Эрон учун бир нечта устунликларни беради. Биринчидан, бу Эрон аҳолисининг ва армиясининг тўғридан тўғри йўқотилиши олдини олади. Иккинчидан, ҳужумларни билвосита амалга ошириш орқали Эрон ўзини дипломатик жиҳатдан оқлаш имконига эга бўлади, яъни воқеаларга бевосита алоқадор эмасдек кўрсатади.

Сўнгги йилларда Эрон прокси гуруҳлари сезиларли даражада кучсизлангани кузатилмоқда. 2024 йилдан бошлаб Теҳронда бу гуруҳларга нисбатан ишончсизлик ортди. Айнан ўша йили Эрон прокси кучлар иштирокисиз биринчи бор Исроилга ҳаво ҳужумлари уюштирди. Бу эса Эроннинг эндиликда прокси тузилмаларга тўлиқ суяна олмаслигининг яққол белгиси ҳисобланади. Шу йили Хоминаий берган интервюсида “бизда прокси гуруҳлар йўқ” деган мазмундаги баёноти ҳам бу тузилмалар аввалгидек қудратли эмаслигини кўрсатади.

Азамат Раҳимов: Қисман ҳа, Эроннинг стратегияси маълум даражада муваффақиятсизликка учради. Расмий баёнотларда Эрон прокси гуруҳлари мавжуд эмаслиги таъкидланади, аммо амалиётда бу борада ҳеч қандай сир йўқ – Эроннинг минтақадаги прокси тармоқлари кенг тарқалган. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва унинг ҳарбий бўлинмаси бўлган Қудс кучлари бу гуруҳларни мунтазам равишда молиялаштириб, қўллаб-қувватлаб келиши ҳам маълум.

Муваффақиятсизликка – 2023 йил 7 октябр воқеаларидан, хусусан, Ғазодаги кескинликдан кейин яққол кўрина бошлади. Исроилнинг Ғазодаги ҲАМАСга ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”га берган кучли зарбалари прокси тузилмалар фаолиятига сезиларли зарар етказди. Шунга қарамай, “Ҳизбуллоҳ” ёки Ямандаги ҳусийлар ҳануз стратегик объектларини сақлаб қолган, жиддий ҳарбий салоҳиятга эга ва замонавий технологиялар билан жиҳозланган кучлар сифатида баҳоланмоқда. Улар зарурат туғилганда Эрон манфаатларига хизмат қилиши аниқ.

Эроннинг Яқин Шарқда прокси гуруҳларни сақлаб қолишга интилиши унинг минтақавий амбициялари билан боғлиқ. Бу амбициялар ўзгармас экан, Теҳрон чекинмайди, прокси кучларидан фойдаланиш эҳтиёжи сақланиб қолади.

Сабина Латипова: Эрон расмийлари “Яқин Шарқда прокси кучларимиз йўқ” деган мазмунда баёнотлар бериб келади. Бундай позиция стратегик жиҳатдан қулай: турли гуруҳлар Эрондан мустақил қарор қабул қилаётгани ҳақидаги даъво Теҳронга масъулиятни уларга юклаш имконини беради. Шунга қарамай, амалиёт шуни кўрсатадики, Эрон ҳозир ҳам прокси тузилмалардан фойдаланишни давом эттирмоқда. Ҳа, бу гуруҳларнинг айримлари заифлашган, лекин уларнинг Эрон ташқи сиёсатидаги ўрни ҳануз сезиларли. Эрон раҳбарияти баёнотларида ҳам айнан шу стратегияни кўриш мумкин. Масалан, оятуллоҳ Али Хоминаий бир неча бор ҳусийларнинг мустақил ҳаракат қилиши ҳақида гапирган. Бу баёнотлар Эроннинг бевосита жавобгарликдан қочишга уринаётганини англатади.

Улуғбек Турғунов: “Шиа ёйи” атамасини илк марта 2005 йилда Иордания қироли тилга олган. Ушбу концепция Сурия, Иордания ва Ямангача бўлган ҳудудларда шиа қабилалари ва гуруҳларини бирлаштириш, шунингдек, инқилобий ғояларни тарқатиш мақсадини кўзлаган. Бу ёндашув нафақат прокси кучларни, балки айрим давлатлардаги шиа ҳукуматларига алоқадор полиция тузилмаларини ҳам қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган.

Сўнгги йилларда бир қатор омиллар ушбу прокси гуруҳларининг заифлашувига олиб келди. Хусусан, Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик уруш, Сурияда Башар Асад режимининг ўзгариши минтақадаги кучлар мувозанатига жиддий таъсир кўрсатди. Бундан ташқари, 2017 йилдан буён Ироқ ва Сурия орқали Ливанга чўзилган таъминот йўлининг ёпилиши “Ҳизбуллоҳ”нинг имкониятларини чеклаб қўйди. Натижада прокси тузилмаларнинг маълум даражада заифлашгани кузатилмоқда.

Ғазо секторидаги уруш мобайнида Исроилнинг минтақадаги ҳарбий ва сиёсий фаоллиги янада ошди. Бироқ ҲАМАС фақат ҳарбий ташкилот эмас, у мафкуравий ҳаракат сифатида ҳам мавжуд. Унинг етакчилари йўқ қилинган тақдирда ҳам, ғоя сақланиб қолишини экспертлар таъкидлаб келади. Худди шундай, шиа прокси кучлари ҳам Эрон томонидан мафкуравий асосда шакллантирилган. Ҳозирда бу гуруҳларнинг айримлари заифлашган, етакчилари эса Исроил томонидан йўқ қилинаётган бўлса-да, мафкура ўз кучини йўқотгани йўқ. Зарурат туғилганда, Эрон ушбу прокси кучларни яна тиклашга қодир.

Суҳбатни батафсил Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид