Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Курдистон ишчи партияси Туркия билан ярашиш учун икки шарт қўйди
Курдистон ишчи партияси (КИП) етакчиларидан бири ташкилот асосчиси Абдуллоҳ Ўжаланни турк қамоқхонасидан озод қилишга чақирди. Ушбу шарт бажарилган тақдирда, КИП Анкара билан муносабатларни йўлга қўйиш устида ишни давом эттиришга тайёр эканини билдирди.
Фото: AFP
Курдистон ишчи партияси (КИП) Туркия ҳокимияти билан муносабатларни йўлга қўйиш йўлидаги кейинги қадамларни, 1999 йилдан бери мамлакат қамоқхоналаридан бирида умрбод жазо ўтаётган 76 ёшли етакчиси Абдуллоҳ Ўжалан озод этилмагунча, амалга оширмайди. Бундай баёнотни ташкилотнинг юқори мартабали қўмондонларидан бири Амед Малазгирт шанба куни, 29 ноябрда AFP агентлиги билан суҳбатда билдирди.
«Апо (Ўжаланнинг партиявий тахаллуси – таҳр.) ташаббус қилган барча қадамлар бажарилди. <...> Бошқа ҳеч қандай қадам қўйилмайди. Энди биз турк давлати ҳаракатларини кутамиз ва ташаббусни айнан ўша томон ўз зиммасига олиши керак», — деди ҳозирда Ироқнинг шимолида кенг автономияга эга Курдистон минтақасида жойлашган Қандил тоғларидаги бункерда бўлган Малазгирт.
КИП вакили Туркия ҳокимиятига икки талаб қўйди: «Аввало, Апо раҳбарнинг озод қилиниши. <...> Бу бўлмас экан, жараён муваффақиятли тугаши мумкин эмас. Иккинчиси – Туркияда курд халқи конституцион ва расмий равишда тан олиниши».
Ўжалан Курдистон ишчи партиясини 1978 йилда тузган ва кейинчалик Курдистон мустақиллигига эришиш ҳамда курдларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қуролли кураш сиёсати йўлини танлаган. Унинг партияси, жумладан, Туркия ҳудудидаги бир қатор террор ҳужумлар учун масъул ҳисобланади. AFP агентлиги маълумотларига кўра, КИП ва турк армияси ўртасидаги қаршиликлар давомида тахминан 45 минг киши ҳалок бўлган. Оташкесим 2013 йилда эълон қилинган, аммо 2015 йил ёзида тинчлик жараёни тўхтаб қолган.
2025 йил феврал ойида Туркиянинг Имрали оролидаги қамоқда жазо ўтаётган Ўжалан ўз ташкилотини қурол ташлашга ва ўзини ўзи тугатишга чақирган эди. 2025 йил май ойида КИП раҳбарияти қурултойда партияни тарқатиш ва турк давлатига қарши кўп йиллик қуролли курашни тугатиш ҳақида эълон қилди. Июл ойида қуролсизланиш бошланди, октябр ойи охирида эса КИП ўз қуролли бўлинмалари Туркиядан олиб чиқилганини маълум қилди, ноябрда мамлакат билан чегарадош Ироқ шимолий ҳудудидан ҳам чиқарилгани эълон қилинди.
Германияда КИП 1993 йилдан бери экстремистик ташкилот сифатида тан олинган. АҚШ, ЕИ, Буюк Британия, Канада ва Австралия ҳам уни террористик ташкилот деб ҳисоблайди.
Мавзуга оид
17:36 / 01.12.2025
Қозоғистон ва Туркия денгиз дронлари ҳужуми бўйича Киевга норозилик билдирди
08:30 / 29.11.2025
Туркия қирғоқлари яқинида РФ “соя флоти”га тегишли икки кема ёниб кетди
18:26 / 23.11.2025
Туркия суди эрнинг ўзга аёллар фотосуратига лайк босишини ажрашиш учун асос деб топди
09:25 / 20.11.2025