Ўзбекистон | 13:46 / 03.12.2025
624
2 дақиқада ўқилади

Қурилиш материаллари соҳасида хавфли маҳсулотлар реестри юритилади

2026 йил 1 январдан қурилиш материаллари соҳасида ёш олимлар учун халқаро илмий стажировкалар танлови йўлга қўйилади ҳамда 2026–2028 йилларда 30 миллиард сўмлик илмий лойиҳалар молиялаштирилади. 2026 йил 1 мартдан эса хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари учун электрон реестр жорий этилади.

Фото: 123rf

Президент қарорига мувофиқ, 2026 йил 1 январдан қурилиш материаллари соҳасида фаолият олиб бораётган ёш олимлар учун белгиланган тартибда хорижий илмий стажировка танлови эълон қилинади. Бу орқали соҳадаги илмий салоҳиятни ошириш ва халқаро тажрибани жорий этиш мақсад қилинган.

Шунингдек, 2026–2028 йиллар давомида умумий молиялаштириш ҳажми 30 миллиард сўмни ташкил этувчи илмий лойиҳалар танловлари эълон қилиниши белгиланган. Мазкур лойиҳалар қурилиш материаллари сифати, хавфсизлиги ва инновацион ечимларни ривожлантиришга йўналтирилади.

2026 йил 1 мартдан “Техник тартибга солиш” ва “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимларининг ўзаро интеграцияси доирасида хавфсизлиги номувофиқ деб топилган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчиларининг электрон реестри юритилади.

Электрон реестр маълумотлари Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан қурилиш объектларида ўтказиладиган назорат тадбирлари натижалари асосида шакллантирилади.

Қарорга кўра, “Техник тартибга солиш” ва “Шаффоф қурилиш” ахборот тизимларидаги қурилиш материалларининг электрон реестрида хавфсизлиги номувофиқ деб топилган корхоналар давлат харидларида иштирок этиши тақиқланади. Бу орқали бозорда фақат хавфсиз ва стандартларга мос қурилиш материалларидан фойдаланишни таъминлаш кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид