Жамият | 12:08 / 06.12.2025
3901
2 дақиқада ўқилади

Таниқли олим Азмиддин Садриддинов вафот этди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги механизатори, машинасозлик соҳасидаги таниқли олим, Тошкент давлат техника университети профессори Азмиддин Садриддинович Садриддинов 2025 йил 4 декабр куни 89 ёшида вафот этди. Марҳумнинг вафоти муносабати билан давлат раҳбарияти томонидан ҳамдардлик билдирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Азмиддин Садриддинов 1936 йил 26 июнда Тошкент шаҳрида зиёли оилада туғилган. У Тошкент енгил саноат институтида муҳандис-механик мутахассислиги бўйича таълим олган, меҳнат фаолиятини Ўрта Осиё политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)да катта лаборант сифатида бошлаган. Кейинчалик аспирантурада таҳсил олиб, номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.

Истеъдодли олим узоқ йиллар давомида Тошкент давлат техника университетида катта ўқитувчи, доцент, факултет декани, биринчи проректор ва профессор лавозимларида самарали фаолият юритди. Шу билан бирга, Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари сифатида аграр соҳани замонавий механизациялаштиришга доир илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишга ҳисса қўшди.

Садриддинов 65 йилдан зиёд илмий-педагогик фаолияти давомида пахта териш машиналарини такомиллаштириш бўйича муҳим тадқиқотлар олиб борди, ўнлаб мақолалар, рисолалар, монографиялар ва методик қўлланмалар муаллифи ҳисобланади. У раҳбарлик қилган 40 дан зиёд илмий лойиҳалар, давлат грантлари ва шартномавий ишлар қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини янгилашда муҳим аҳамият касб этган.

Олим кўплаб шогирдлар тайёрлади, унинг раҳбарлигида ўнлаб номзодлик ва бешта докторлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Азмиддин Садриддиновнинг қишлоқ хўжалиги машинасозлигини ривожлантириш йўлидаги хизматлари “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик механизатори” фахрий унвони, “Дўстлик” ва “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан муносиб тақдирланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш