Соғлом ҳаёт | 20:27 / 08.12.2025
2603
2 дақиқада ўқилади

Смартфон туфайли болаларда депрессия ва семизлик ривожланиши мумкин – тадқиқот

Ҳозирги болалар жуда эрта ёшдан бошлаб смартфон экранига термулиб, вақт ўтказмоқда. Яқинда олимлар аниқлаганидек, бу уларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Фото: Getty images

Янги тадқиқот доирасида америкалик олимлар жамоаси смартфон ишлатиш ёши ва эрта ўсмирлик давридаги депрессия, семизлик, уйқусизлик ўртасидаги боғлиқликни ўрганди. Жами 21 та илмий ишдан 10 588 нафар иштирокчининг маълумотлари таҳлил қилинди. Тадқиқот натижалари Pediatrics журналида чоп этилди.

Маълум бўлишича, смартфонлардан фойдаланган 12 ёшли ўсмирларда депрессия ривожланиш хавфи ушбу гаджетни ишлатмаган тенгдошларига қараганда 30 фоизга, семириш эҳтимоли 40 фоизга ва етарлича ухламаслик 60 фоизга юқори бўлган.

Олимлар бу муаммоларга айнан смартфон сабаб бўлганини исботлай олмади. Бироқ, аввалги тадқиқотлар шуни кўрсатдики, смартфон билан ҳаддан ташқари кўп вақт ўтказадиган ўсмирларда бошқалар билан шахсий алоқалар, жисмоний фаоллик ва уйқу камроқ кузатилади. Буларнинг барчаси уларнинг соғлиғига салбий таъсир қилиши мумкин.

Олимлар смартфондан фойдаланиш «муаммоли» деб ҳисобланмаган пайтда ҳам ўсмирларнинг соғлиғига таъсир қилганини пайқади. Болада смартфон қанчалик эрта пайдо бўлса, 12 ёшга бориб, семизлик ва уйқусизликни аниқлаш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.

Тадқиқотчиларда ўсмирлар ўз смартфонида нима қилгани ҳақида маълумотлар йўқ эди. Муаллифларнинг таъкидлашича, ёшларга смартфондан фойдаланишни тақиқлаш керак эмас, бироқ гаджетларга эгалик қилиш махсус назоратни талаб қилади. Олимларнинг фикрига кўра, эгалик қилишнинг оптимал ёши, телефон тури ва фойдаланиш қоидалари бўйича тавсиялар ишлаб чиқишга ёрдам берадиган қўшимча тадқиқотлар ўтказиш керак.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид