Жаҳон | 13:41
3511
2 дақиқада ўқилади

Украина бош штаби: Оккупация қилинган ҳудудларда «Панцирь» йўқ қилинди

Украина Қуролли кучлари бош штаби оккупация қилинган Луханск вилоятида ўқ-дори ва ёнилғи-мойлаш материаллари омбори, Донецк вилоятида эса дронлар омбори, «мобил ўт очиш гуруҳи» ва «Панцирь-С1» зенит-ракета комплекси нишонга олингани ҳақида маълум қилди.

Фото: Facebook / GeneralStaff.ua

Украина ҳарбийлари душанбага ўтар кечаси, 8 декабр куни, Россия армиясига тегишли бир қатор объектларга зарба берди. Бу ҳақда Facebook’да Украина Қуролли кучлари бош штаби хабар қилди. Ушбу маълумотга кўра, Луханск вилоятида ўқ-дори омбори ҳамда ёнилғи-мойлаш материаллари сақланадиган омборга зарба берилган, Донбассда эса дронлар омбори, «мобил ўт очиш гуруҳи» ва «Панцирь-С1» туридаги зенит-ракета комплекси йўқ қилинган.

«Ҳар бир ҳолат бўйича етказилган зарар даражаси аниқлаштирилмоқда», — дейилади бош штаб баёнотида. Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси яна бир Россия «Панцирь-1» ишдан чиқарилгани ҳақида биринчи марта бир ярим йилдан ортиқ вақт илгари — 2024 йил 1 март куни хабар берган эди.

Россия Мудофаа вазирлиги мазкур ҳодисани изоҳсиз қолдирди. Унинг тонгги ҳисоботида бир кеча-кундузда Россиянинг 11 минтақаси устида 67 украин дрони уриб туширилгани айтилган, аммо Луханск ва Донецк вилоятлари тилга олинмаган.

Шу баёнотда украин ҳарбийлари 5 декабр куни Краснодар ўлкасининг Темрюк денгиз портига зарба берган дронлар натижалари бўйича аниқлаштирилган маълумотларни ҳам келтирган. Мазкур порт Россия армияси таъминот занжирида фойдаланилади.

«20 та резервуарнинг йўқ қилингани тасдиқланди, бу умумий соннинг 70 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари, суюлтирилган газ учун мўлжалланган қуйиш эстакадасида, тахминан 20 та темирйўл цистернаси жойлашган ҳудудда ёнғин давом этмоқда. 7 декабр кечки ҳолатга кўра, ёнғиннинг умумий майдони деярли 1000 квадрат метрни ташкил этган», — деб таъкидлайди бош штаб.

«Мудофаа кучлари Россия ҳарбий-иқтисодий салоҳиятини издан чиқариш ва РФни Украинага қарши қуролли тажовузни тўхтатишга мажбур этиш бўйича чоралар кўришни давом эттирмоқда», — дейилади пресс-релизда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид