Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Грецияга дипломатик изоҳ берди
Украина ҳукумати Грециянинг Лефкада ороли яқинида портловчи модда ортилган денгиз дрони аниқлангани муносабати билан расман узр сўради. Киев ҳодисани Россиянинг Украинага қарши давом этаётган агрессияси оқибати деб баҳолади.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги вакили Георгий Тихийнинг маълум қилишича, Иония денгизидаги Лефкада ороли соҳиллари яқинида кузатилган воқеа Украина учун ҳам нохуш ҳолат ҳисобланади. Унинг таъкидлашича, ҳодиса Украинага қарши уруш давомида юзага келган вазиятлар билан боғлиқ.
Киев расмийлари Греция ва унинг халқига Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён кўрсатиб келаётган қўллаб-қувватлови учун миннатдорлик билдирган. Украина ташқи сиёсат идораси икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар юқори қадрланишини таъкидлади.
Баёнотда Украина халқаро ҳуқуқ нормаларига ва фуқаролик кемачилиги хавфсизлиги тамойилларига содиқ қолиши қайд этилди. Шунингдек, келажакда бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги учун барча зарур чоралар кўрилиши билдирилди.
Киевнинг фикрича, мазкур воқеа Россиянинг Украинага қарши уруш ҳаракатлари нафақат Украина, балки қўшни давлатлар, Европа ва бутун халқаро ҳамжамият хавфсизлиги учун ҳам таҳдид эканини яна бир бор кўрсатган.
Аввалроқ Греция ҳукумати Украинага дипломатик нота юбориб, мамлакат ҳудуди яқинида портловчи қурилма билан жиҳозланган денгиз дрони топилганидан хавотир билдирган эди. Афина Ўрта ер денгизи ҳарбий ҳаракатлар майдонига айланишига йўл қўймаслигини маълум қилган.
Оммавий ахборот воситалари маълумотларига кўра, май ойида маҳаллий балиқчилар Лефкада ороли яқинида тахминан 100 килограмм портловчи модда билан жиҳозланган денгиз дронини аниқлаган. Дастлабки тахминларга кўра, унинг масофадан бошқариш тизими ишдан чиққан бўлиши мумкин.
Айрим нашрлар ёзишича, дроннинг эҳтимолий мақсади Ўрта ер денгизида ҳаракатланган Россиянинг “соя флоти“га тегишли кемалардан бири бўлган. Лефкада ороли Украина соҳилларидан 1000 километрдан ортиқ масофада жойлашгани сабабли, айрим таҳлилчилар бундай дронлар Украина ҳарбийлари томонидан Ливиянинг ғарбий қисмидаги базалардан учирилган бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти.
Кузатувчилар фикрича, ҳодиса Украина ва Греция ўртасидаги муносабатларга жиддий таъсир кўрсатиши кутилмаяпти. Бироқ у Украинадаги урушнинг таъсири Европа ва Ўрта Ер денгизи минтақасигача ёйилаётганини кўрсатувчи навбатдаги воқеалардан бири сифатида баҳоланмоқда.