Жаҳон | 11:38 / 18.12.2025
2021
2 дақиқада ўқилади

Россия тунда Суми ва Черкасскка дронлар билан ҳужум қилди

Россия дронлари Сумига қилган ҳужуми оқибатида камида бир киши жабрланди. Черкасск вилоятида инфратузилма объектларига шикаст етган.

Фото: AP

Россия учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) пайшанбага ўтар кечаси, 18 декабрда Украинанинг Черкасск ва Суми вилоятларига ҳужум қилди, деб хабар берди маҳаллий ҳокимият. Инфратузилма объектларига шикаст етгани ва камида бир киши яралангани қайд этилмоқда.

Сумига иккита зарбали дрон ҳужум қилган, деб ёзди Telegram’да вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоров. Натижада Суми шаҳрининг Ковпаковский туманида фуқаролик инфратузилмасига шикаст етган, турар жой ва нотурар биноларда ойна-деразалар синган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар йўқ. Камида бир киши жабрланган.

Черкасск вилоятида вилоят марказига зарба қайд этилган. Черкасск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Игор Табурец “инфратузилма учун оқибатлар” борлигини маълум қилди. У ҳужум тафсилотларини келтирмади, бироқ маҳаллий ОАВ Черкасскда портлашлар ва шаҳарда электр таъминотида узилишлар бўлгани ҳақида хабар берган.

17 декабр кечқурун дронлар ҳужуми Днипропетровск вилоятидаги Кривий Рих шаҳрига ҳам қилинган. Shahed дронлари зарбалари оқибатида турар жой секторига зарбалар теккан, деб ёзди Telegram’да Кривий Рих мудофаа кенгаши раҳбари Александр Вилкул. Унинг сўзларига кўра, жабрланганлар бор, авария-қутқарув операцияси олиб борилмоқда.

Одесса вилоятида ҳам ўша куни кечқурун Россия дронлари ҳужуми сабаб турар жой уйи ва таълим муассасаси шикастлангани қайд этилган. Одесса вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Кипер 18 декабр кечаси билдиришича, етти киши тан жароҳати олган. Унинг маълумотига кўра, олти нафар жабрланувчига ёрдам жойида кўрсатилган. Яна бир киши ўртача оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид