Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳарбийлар Суми вилоятидан Россияга 50 нафар тинч аҳолини мажбуран олиб кетди
Украина ТИВ раҳбари ва омбудсмани РФ ҳарбийлари Суми вилоятида, Россия билан чегарада жойлашган Грабовское қишлоғининг 50 нафар аҳолисини мажбуран Россияга жўнатганини маълум қилди.
Фото: SCANPIX/ZUMApress.com
Россия ҳарбийлари Украина Суми вилоятидаги Краснопол жамоатига қарашли Грабовское қишлоғининг 50 нафар фуқароси — тинч аҳолини — мажбуран Россия ҳудудига олиб кетган. Бу Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиханинг 21 декабр, якшанба куни X микроблогида эълон қилинган постида келтирилган маълумотдан маълум бўлмоқда.
Унинг маълумотига кўра, Россияга олиб кетилган тинч аҳоли орасида асосан кекса аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Бундан олдин Бирлашган кучлар гуруҳи коммуникациялар бўлими бошлиғи Виктор Трегубов Грабовкадан олиб кетилган 50 нафар аҳолининг аксарияти фуқаро эркаклар бўлганини айтган эди. ОАВ хабарларидан келиб чиқиб, гап қишлоқни тарк этмай қолган аҳоли ҳақида кетмоқда.
“Биз фуқароларимиз — гаровга олинган тинч аҳоли уйига қайтарилишини талаб қиламиз. Ушбу 50 нафар одам ва Россияга мажбуран депортация қилинган минглаб бошқа тинч аҳоли, жумладан украин болалари ҳам”, — деб ёзди Сибиха. Шу билан бирга, Украина дипломатияси раҳбари барча давлатлар ва халқаро ташкилотларни Киевнинг “уйларидан олиб қочилган айбсиз тинч фуқароларни” ватанга қайтариш талабини қўллаб-қувватлашга чақирди.
У буни ҳарбий жиноят деб атаб, ҳодиса Украинада аллақачон тергов қилинаётганини ва халқаро даражада муносиб муносабат бўлиши кераклигини таъкидлади.
Шу куни Украина омбудсмани Дмитрий Лубинец Telegram’да РФ Қуролли кучлари хизматчилари Суми вилоятидан 50 нафар Украина фуқаросини мажбуран Россия ҳудудига олиб кетганини хабар қилди.
“Дастлабки маълумотларга кўра, 18 декабр куни Россия Федерацияси Қуролли кучлари хизматчилари Суми вилоятидаги Грабовское қишлоғининг 50 нафарга яқин тинч аҳолисини ноқонуний ушлаб қолган, уларни алоқа воситаларига кириш имкониятисиз ва муносиб шарт-шароитларсиз сақлаган, 20 декабр куни эса мажбуран Россия ҳудудига олиб чиқиб кетган”, — дейилади постда.
“Бундай ҳаракатлар халқаро ҳуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши ҳисобланади: бу — уруш қонун-қоидаларини бузиш, ноқонуний равишда эркинликдан маҳрум қилиш ва тинч аҳолини мажбуран депортация қилишдир”, — деб таъкидлади Лубинец.
У қўшимча қилишича, РФдаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга мурожаат қилиб, ноқонуний депортация қилинган Украина фуқароларининг қаерда экани ҳақида маълумот беришни, улар сақланаётган шароитлар ва биринчи навбатдаги эҳтиёжларини хабар қилишни, шунингдек уларни зудлик билан Украинага қайтариш бўйича чора кўришни талаб қилган. Бундан ташқари, Лубинец Россияга депортация қилинган украинлар масаласи бўйича Халқаро Қизил Хоч Қўмитасига ҳам хат йўллаганини маълум қилди.
Шунингдек, у украин қонун чиқарувчиларини “ҳеч бўлмаганда, ҳаёти ва эркинлигига бевосита таҳдид мавжуд ҳудудлардан болаларни” мажбуран эвакуация қилиш ҳақида қонун қабул қилишга чақирди.
РФ Мудофаа вазирлигининг Telegram’даги 20 ва 21 декабр кунларига оид хабарларида Грабовское номи тилга олинмаган. Ушбу украин қишлоғи Россиянинг Белгород вилоятига яқин жойлашган. Уруш бошланишидан олдин у ерда тахминан 700 киши истиқомат қилган.
Мавзуга оид
13:50
Рютте: Путинни тинчликка фақат Трамп мажбурлай олади
13:32
Уиткофф АҚШ–Украина форматидаги музокаралар тафсилотларини очиқлади
10:39
Ўзбекистон ЖСТга аъзолик жараёнида Россия билан музокараларни якунловчи протоколни имзолади
10:36