Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги Тошкентни пойтахт билан боғловчи метро линияси ва кўприк қурилмоқда
Президентга йўл-транспорт объектлари қурилиши ҳақида ахборот берилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Янги Тошкентда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишув давомида президент Шавкат Мирзиёев Чирчиқ дарёси устидан янги кўприк ҳамда метро бекати билан бирлаштирилган автотураргоҳ барпо этиш ишларини кўздан кечирди.
«Пойтахт ва Янги Тошкент ўртасида транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, транспорт оқимини самарали бошқариш ҳамда аҳоли учун қулай ҳаракат муҳитини яратишга қаратилган мазкур лойиҳалар шаҳар инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Янги кўприк Тошкент ва Янги Тошкентни боғлайди. Бир суткада 40-50 мингта автотранспорт воситасини ўтказиш қувватига эга бўлади. Қурилиш ишлари жорий йил охирида бошланган бўлиб, айни пайтга келиб лойиҳанинг дастлабки қисми амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳил ҳудудлари кўкаламзорлаштирилади, энергия тежамкор ёритиш тизимлари ўрнатилади, пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади. Шунингдек, кўприк орқали икки тасмали трамвай йўли ётқизилиши режалаштирилган.

Янги Тошкентни Тошкент шаҳри билан боғлайдиган бўлажак метро линиясининг узунлиги 21 километрни ташкил этиб, 9 та замонавий бекатни ўз ичига олади. У кунига 230 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Линия пойтахт метросининг мавжуд тармоқлари билан тўлиқ интеграция қилинади, бу эса йўловчилар учун ягона ва узлуксиз транспорт тизимини шакллантиради.
Давлат раҳбари бўлажак линиянинг автотураргоҳ билан интеграциялашган бекатларидан бирининг қурилиш жараёни билан танишди.
Метро бекати билан интеграциялашган автотураргоҳ 20 минг квадрат метр майдонда барпо этилади, унда автомобиллар, пиёдалар ва жамоат транспорти ҳаракати аниқ ажратилиб, хавфсизлик ва функционалликка устувор аҳамият берилади.

Айни пайтда ҳудудда ер ишлари ва бетон қуйиш ишлари олиб борилмоқда. Мажмуа 2027 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Президент лойиҳаларнинг Янги Тошкент учун стратегик аҳамиятини таъкидлаб, қурилиш ишларини белгиланган муддатларда, юқори сифатда амалга ошириш бўйича ўз тавсияларини берди.


Мавзуга оид
18:09 / 30.12.2025
Президент Янги Тошкентда бир қанча объектлар қурилиши билан танишди
14:46 / 30.12.2025
Шавкат Мирзиёев Владимир Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилишга уринишни қоралади
12:19 / 30.12.2025
Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги қурилиш ишлари билан танишади
17:56 / 29.12.2025