Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Турли тақвимлар — турли йиллар: дунё мамлакатлари ҳозир қайси йилда “яшаяпти”?
Дунёнинг айрим бурчакларида одамлар Янги йилни нишонлаб бўлишди ва энди 2026 йилда яшаяпти. Аммо ҳамма мамлакатлар ҳам фақатгина григориан тақвимидан фойдаланмайди.
Бугун григориан тақвими дунё мамлакатларининг аксариятида асосий тақвим ҳисобланади. 160 дан ортиқ давлатда у йил ҳисоблашнинг ягона тизими ҳисобланади.
Япония фақат григориан тақвимидан фойдаланмайди. Мамлакатда ҳозирги император ҳукмронлиги бошланган санадан ҳам йил саноғи юритилади. Император Нарухито 2019 йил 1 май куни тахтга чиққан. Демак, бугун Японияда еттинчи йил.
Григориан тақвимидан ташқари, дунёда энг кенг тарқалган тақвимлардан бири — исломий тақвим. Унда йил саноғи милодий 622 йилдан бошланади. Бу тақвим, масалан, Жазоир, Миср, Ироқ ва Яман каби мамлакатларда қўлланади. Ҳозир бу давлатларда 1447 йил.
Хитойда бир нечта тақвимдан фойдаланилади. Анъанавий шарқона (ой-қуёш) тақвимга кўра, ҳозир у ерда Яшил Дарахт Илон йили остида 4722 йил кетмоқда. Бу йил 2026 йил январ охирида алмашади.
Ой-қуёш тақвими Исроилда ҳам ишлатилади. Яҳудий тақвимига кўра, бугун 5786 йил.
Айрим мамлакатлар қуёш тақвимларининг турли кўринишларидан фойдаланади. Масалан, Афғонистон ва Эронда ҳозир 1404 йил, Бангладешда эса 1432 йил.