Жаҳон | 14:14 / 08.01.2026
1540
3 дақиқада ўқилади

Германия ТИВ раҳбари Гренландия масаласи туфайли АҚШга БМТ низомини эслатди

“БМТ низомида мустаҳкамланган суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва чегараларнинг дахлсизлиги тамойилларига риоя қилиниши шарт”, — деди Йоханн Вадефул Доналд Трампнинг Гренландия бўйича таҳдидлари муҳокамаси чоғида.

Фото: Global Look Press

АҚШ президенти Доналд Трамп ўз мамлакати Арктика минтақасида жойлашган Даниянинг автоном ҳудуди Гренландияни сотиб олиши эҳтимоли ҳақида мулоҳазалар билдириб келаётгани фонида Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул БМТ низоми қоидаларини эслатди. “БМТ низомида мустаҳкамланган суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва чегараларнинг дахлсизлиги тамойилларига риоя қилиниши шарт”, — деди у 7 январ, чоршанба куни Парижда. Ўша ерда у француз ва поляк ҳамкасблари — Жан-Ноэл Барро ва Радослав Сикорский билан “Веймар учбурчаги” форматида учрашган.

Германия дипломатияси раҳбари таъкидлашича, Гренландия тақдирини гренландлар ўзи, шунингдек Дания белгилаши лозим. Шу билан бирга, Арктика минтақасидаги хавфсизликка доир барча масалалар “албатта, НАТО доирасида муҳокама қилиниши керак”, дея қўшимча қилди у. Вадефулнинг сўзларига кўра, Шимолий Атлантика алянсида бундай масалаларни очиқ муҳокама қилишга тайёрлик бор.

Шу ўринда Германия вазири аввалроқ ўзи ва Барро телефон орқали гаплашган АҚШ давлат котиби Марко Рубио “ҳозир ҳам шундай масалаларни Дания қироллиги ҳукумати билан муҳокама қилмоқчи эканини билдиргани”ни ижобий баҳолади. “Бу, албатта, маънога эга ва қўллаб-қувватлашга арзийди”, — деди Вадефул.

Журналистларнинг “АҚШнинг Гренландияга эҳтимолий ҳарбий бостириб кириши НАТОнинг тугаши дегани бўладими?” деган саволига жавобан, Германия ТИВ раҳбари шундай деди: “Биз бир-биримизни имкони борича қўллаб-қувватлашимизга ва бу алянс ҳар доим бўлганидек қолишига — дунёдаги энг муваффақиятли мудофаа иттифоқи бўлиб қолишига — менда заррача ҳам шубҳа йўқ”.

Ўз навбатида, Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро Дания Европанинг ҳамжиҳатлигига таяниши мумкинлигини билдирди. “Биз энди Луизианани сотиб олиш ёки сотиш мумкин бўлган замонда яшамаяпмиз. Бундай қўрқитишга уринишлар тўхтатилиши керак”, — дея огоҳлантирди у.

Париждаги “Веймар учбурчаги” учрашувида Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар ҳам иштирок этди.

“Веймар учбурчаги” музокаралар формати сифатида 1991 йилда Германиянинг Веймар шаҳрида ўша пайтдаги Германия, Франция ва Полша ташқи ишлар вазирлари томонидан ташкил этилган. Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланганидан кейин, ушбу уч давлатнинг “Веймар учбурчаги” доирасидаги ҳамкорлиги айниқса фаол ривожлана бошлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид