Жаҳон | 14:02
4831
5 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда ёввойи фил 22 кишини ўлдирди. У ҳамон қидирилмоқда

Фил ҳужуми январнинг биринчи ўн кунлигида Жаркханд штатида кузатилган. Бир тишли ёввойи фил ўрмон ва қишлоқларни кезиб, йўлида учраганларни босиб кетган.

Ëввойи Осиё фили / Фото: Шарад Ватс

Ҳиндистоннинг шарқидаги Жаркханд штатида ёввойи фил камида 20 кишини ўлдирган. ҳайвон ҳануз қўлга олинмаган. Ўлим ҳолатлари 1-9 январь кунлари Ғарбий Сингҳбҳум туманидаги Чаибаса ва Колҳан ўрмон ҳудудларида содир бўлган.

The Guardian'нинг ёзишича, январь бошидан буён ушбу бир тишли фил қурбонлари сони 22 кишига етган. У ўрмонлар ва қишлоқларни кезиб, йўлида учраганларни босиб кетмоқда.

«Бу мисли кўрилмаган ҳолат. Ҳудудда илк бор шунча ўлим биргина эркак фил билан боғланмоқда,» деди туман ўрмон бўлими бошлиғи Кулдеэп Мина. У бутун ҳудуд юқори огоҳлантириш ҳолатига ўтказилганини қўшимча қилди.

Сингҳбҳум тумани Ҳиндистон харитасида

Унинг айтишича, ҳозирги асосий вазифа — филни топиш, тутиш ва хавфсиз тарзда яна табиатга қайтаришдир. Туман ҳокими Чандан Кумар ўлганлар орасида ўрмон ишчиси ҳам борлигини айтди. Расмийлар қурбонлар оилаларига моддий ёрдам ажратилишини эълон қилган.

BBC'нинг маҳаллий расмийларга таяниб ёзишича, қурбонлардан бири, 34 ёшли эркак Бодижари қишлоғидаги уйига яқин жойда ишидан қайтаётганда ҳужумга учраган. 62 ёшли Урдуб Баҳода даласини қўриқлаб турган пайтда ўлдирилган. Ўша кечада 42 ёшли эркак эса уйининг ташқарисида ухлаб ётганида фил томонидан босиб ўлдирилган.

Яна бир ҳодисада 5 январь куни Кундра Баҳода ва унинг икки фарзанди – 6 ёшли Кодама ва 8 ёшли Саму фил ҳужумида ҳалок бўлган.

Фил билан тўқнашувлардан бири / Фото: BBC

Ўлимларнинг аксарияти кечаси – одамлар далада ва омборларда сақланаётган шолини қўриқлаётган пайтда содир бўлган. Бу Ҳиндистон қишлоқ ҳудудларида кенг тарқалган одат.

Фил бир кунда қарийб 30 километр йўл босмоқда ва уни топиш учун 100 дан ортиқ ўрмон хўжалиги ходими сафарбар этилган, бироқ ҳозирча натижа йўқ.

Ўрмон ходимлари фил ёш, чаққон ва айниқса кечалари жойини тез-тез ўзгартираётганини, шу боис уни кузатиш қийинлигини айтишди. Жамоалар аҳолини огоҳлантириш учун анъанавий барабан сигналидан фойдаланмоқда: одамлар кечаси ташқарига чиқмаслик ёки ташқарида ухламаслик ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Ëввойи Осиё филлари / Фото: Шарад Ватс

Дастлабки баҳолашга кўра, фил жуфтлашиш даврида бўлиши мумкин: бу даврда эркак филларда тестостерон даражасининг ошиши сабаб тажовуз кучаяди. Расмийларга кўра, бундай ҳолат одатда 15–20 кун ичида пасаяди. Шунингдек, фил подасидан адашиб, ажралиб чиққан бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Расмийларни уни топиб, яна бошқа филларга қўшиб юбориш зарурлигини таъкидлаган.

Ҳиндистонда филлар билан фожиалар

Ҳиндистонда одамлар ва филлар ўртасидаги тўқнашувлар йиллар давомида қайд этилиб келинмоқда. Расмийлар ва тадқиқотчилар буни ўрмон майдонларининг қисқариши, яшаш муҳитининг парчаланганлиги ва фил йўлаклари яқинида инсон фаолиятининг ортиши билан боғлашмоқда.

Илгари филларнинг хавфсиз кўчиш йўлаклари бўлган ҳудудларнинг тахминан 10 фоизи энди мавжуд эмас. Бундан ташқари, филлар электр токига урилиши, поезд уриб кетиши ва қасоскорона заҳарлашлар каби ҳодисаларда кўп нобуд бўлмоқда.

Турли маълумотларга кўра, бугунги кунда Ҳиндистонда 22 мингдан ортиқ ёввойи филлар бор. Бу Осиёда шу турдаги ҳайвонларнинг 4/3 қисмини ташкил қилади. Улар, асосан Ҳиндистоннинг ўрмон, тоғ ва саванна типидаги ҳудудларида сув ва озуқа етарли бўлган жойларда яшайди. Бундан ташқари, ушбу давлатда 3 мингдан ортиқ қўлга ўргатилган филлар ҳам одамларга хизмат қилади.

Ëввойи Осиё филлари / Фото: Шарад Ватс

Ҳиндистонда яшайдиган ёввойи Осиё филларининг бўйи 2-3 метр атрофида, оғирлиги эса 5 тоннагача боради. Асосан эркак филларда тиш бўлади. Улар жуда тинч кўринса-да, хавф туғилганида ёки жуфтлашиш даврида жуда тажовузкор бўлади.

Маълумотларга кўра, сўнгги беш йил ичида Ҳиндистонда филлар билан боғлиқ тўқнашувларда 2 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.

Айрим штатлардаги қишлоқларда филларнинг яқинлашишини аниқлаш ва аҳолини ҳимоялаш учун сунъий интеллект асосидаги эрта огоҳлантириш тизимлари жорий этилган.

Мавзуга оид