Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
НКМК 2025 йилда 98 тонна олтин ишлаб чиқарди
Ишлаб чиқаришнинг физик ҳажми 2 фоизга, қиймат жиҳатдан эса 44 фоизга кўпайган. Йил якунида НКМК бош директорининг биринчи ўринбосари Евгений Антонов лавозимини тарк этди – у билан меҳнат шартномаси муддати узайтирилмади.
Фото: Reuters
Олтин ишлаб чиқариш ҳажми бўйича дунёнинг тўртинчи энг йирик компанияси – Навоий кон-металлургия комбинати 2025 йилги асосий натижаларини тақдим этди.
Унга кўра, компания ўтган йили 3 млн 156,6 минг трой унция (98,2 тонна) олтин ишлаб чиқарган. Бу – 2024 йилдаги кўрсаткич (3 млн 91,1 минг)дан 2,1 фоизга кўп.
Олтин нархи қимматлашуви фонида, 2025 йилда НКМК ишлаб чиқарган маҳсулот қиймати 135,6 трлн сўмга етган (тахминан 11 млрд доллардан ортиқ) – бу 2024 йил кўрсаткичи (93,9 трлн)дан 44,4 фоизга юқори.
Шунингдек, инвестиция дастури доирасида 561 млн долларлик маблағ ўзлаштирилган бўлиб, бу – бир йил олдингидан 29 фоизга кам.
“Янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳисобига 2 628 та янги иш ўрни яратилди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 1,4 трлн. сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилди. Тармоқлараро саноат кооперацияси доирасида 7,3 трлн. сўмлик маҳсулот харид қилинди”, – дейилади расмий релизда.
НКМК аввалроқ компания бошқарувида ўзгариш бўлгани ҳақида хабар берганди: Евгений Александрович Антонов билан тузилган меҳнат шартномаси амал қилиш муддати тугагани муносабати билан, томонларнинг келишувига кўра, 2025 йил 31 декабрдан бошлаб бош директорнинг трансформация бўйича биринчи ўринбосари, бошқарув аъзоси лавозимидан озод этилган.
2026 йил 1 январдан бошлаб Жаҳонгир Толибович Ҳасанов бош директорнинг молия, трансформация ва хусусийлаштириш бўйича биринчи ўринбосари, бошқарув аъзоси лавозимига тайинланган. У тайинловга қадар НКМК бош директорининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари, бошқарув аъзоси лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, НКМК бошқарув раиси – бош директори лавозимида 2008 йилдан буён Қувондиқ Санақулов ишлаб келади.
Маълумот учун, комбинат тасарруфида 12 та кон, 7 та гидрометаллургия заводи ва 2 та уюмдан эритмага ўтказиш цехи мавжуд.
Декабр ойи охирида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2030 йилгача олтин ишлаб чиқариш ҳажми 175 тоннага етказилиши кўзда тутилаётганини маълум қилганди.
- Ўзбекистон президентининг 2025 йил апрел ойидаги фармонига асосан, НКМК 2025 йилнинг иккинчи ярмида ҳам маҳаллий, ҳам халқаро фонд бозорларида IPO ўтказиб, жами 10-15 фоиз акциясини очиқ бозорга чиқариши белгиланган эди.
Мавзуга оид
13:10 / 08.01.2026
Ноябр ойида Ўзбекистон энг кўп олтин сотиб олган уч давлатдан бири бўлди
17:42 / 05.01.2026
Марказий банк олтин қуймаларини қайтариб сотиб олиш нархларини эълон қила бошлади
19:31 / 30.12.2025
Йил якуни: 2025 йил Ўзбекистон иқтисодиётидаги асосий тенденциялар
07:27 / 25.12.2025